DataLife Engine / “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди

“Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди

Урганч шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.



Мазкур тадбирда вилоят хокимлиги, вилоят Кенгаши депутатлари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.




Тадбирни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари  Муроджон Ачилов очиб бериб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, шунингдек бугунги сиёсий жараёнлар, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бошланганлиги ва бунда вилоят жамоатчилигининг барчаси фаол бўлиши зарурлигини таъкидлади.

        Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков томонидан Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижроси натижаларидан  кенг аҳолини хабардор қилиш ҳамда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган  “Инсон қадри” онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.


Жумладан, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкони яратилганлиги, аҳоли Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналиш ва уни амалга оширишга қаратилган 100 та мақсад ҳамда кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаларини ташкиллаштиришда ҳам фаолликни ошириш зарурлигини таъкидланиб, лойиҳанинг энг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Хусусан, тадбир иштирокчилари томонидан мазкур қонун лойиҳаси айни кунда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокамадан ўтказилаётгани, Конституцияга киритилаётган таклифларда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга, оила институтини мустаҳкамлашга, инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлашга қаратилган нормалар киритилаётганлиги таъкидланди.



Тадбир давомида «Инсон қадри» онлайн портали ва Конституциявий қонун лойиҳаси тадбир иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди ва билдирилган фикр ва мулоҳазалар ўрганиб чиқилиши маълум қилинди.

         Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
29-06-2022, 18:34
Вернуться назад