Президент “тонировка” масаласига тўхталди
Президент “тонировка” масаласига тўхталди.
“Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз, бу – энг аввало инсон қадри учун.
Шу боис, халқимизга қандай енгилликлар берсак, у биздан рози бўлади, деган савол барча раҳбарларни ҳар куни, ҳар дақиқа ўйлантириши керак.
Ҳар гал жойларга чиққанимда оддий-оддий одамлар билан учрашиб, муаммоларини эшитаман, яна қанча аҳолимизда шундай муаммолар борлиги ҳақида ўйлайман ва унга ечим қидираман.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалардан ҳам хабардорман.
Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган.
Шу боис, бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим”, деди Президент.
Президент таъкидлаганидек, 1 июлдан бошлаб:
- автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади;
- олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади;
- ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади.
Энди, 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
"Бу ҳали бошланиши. Мен Президент маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман.
Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича Ишчи гуруҳи барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти.
Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади”, деди Президент йиғилиш якунида.
28-06-2022, 21:26
Вернуться назад