Бугун Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги далаларида вилоятда ғалла ўрим-йиғими бошланиши муносабати билан кўргазмали семинар ўтказилди. Тадбирда сектор раҳбарлари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Бу йил вилоятимизда 33 минг гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирилди. Ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш учун 282 та юқори унумли дон комбайнлари, ғалла ташувчи транспорт воситалари, 4 та дон корхоналарига қарашли 9 та қабул масканлари мавсумга тахт қилиб қўйилган. Ўрим-йиғимни қисқа муддатда якунлаш учун тўлиқ имконият мавжуд.
Семинарда вилояти ҳокими Фарход Эрманов сўзга чиқиб, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан тизимли ташкил этиш, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ҳосилни харид қилиш тизимидаги янгиликлар тўғрисида тўхталди. Таъкидландики, эндиликда ғалла ҳосилини давлат заҳирасига қабул қилиш ва биржа савдоларига чиқариш мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 15 ноябрдаги “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш” тўғрисидаги қарори асосида ташкил этилади.
Семинарда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш бўйича керакли тавсиялар берилди.Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати