DataLife Engine / Расмий муносабат

Расмий муносабат

Жорий йилнинг 19 май куни ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳридаги тадбиркорлар томонидан маҳаллий ун маҳсулотларини қиммат нархда сотилаётгани ва бу жараёнга тегишли мутасадди ташкилотлар бефарқ деган мазмунда видеолаҳва эълон қилинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси хабарига кўра вилоят ҳудудидаги фермер ва кластерлар етиштирилган 739,3 тонна ортиқча ғаллани қайта ишлаш корхоналарига топшириб, шундан 553 тонна тайёр ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Ушбу ун маҳсулотлари тадбиркорлик субъектлари томонидан бозорнинг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда исталган харидорга сотиш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг бу борадаги фаолиятига аралашганлик ҳолати қонунчиликда жавобгарликни келтириб чиқаради.

Шу билан бирга, тасдиқланган дислокацияга мувофиқ аҳолининг ун ва ун маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва нархини асоссиз ўсишига йўл қўймаслик борасида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоятда мавжуд донни қайта ишловчи 4 та корхонанинг бир кунлик ун ишлаб чиқариш қуввати 438 тоннани ташкил этиб, биргина май ойининг ўтган даврида 526 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини арзон ун маҳсулотлари билан таъминлаш учун 143 та савдо дўконларига,
 365 та қолипли нон, 5 та макарон ва 2 та қандолат маҳсулотлари
 ишлаб чиқарувчи корхоналарга жами 3 691,2 тонна ун қатъий назорат остида етказиб берилган.

Бунда айниқса, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, ҳар бир туманда тегишли ташкилотлар ҳамда маҳалла фаолларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлари тузилиб, “кунбай” назорат тизими жорий қилинган.

Шунингдек, ўтказилган текширувларда, Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро А.Ў. тегишли ҳужжатлари бўлмаган “Xonqa Don” АЖда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотининг қиммат нархларда (бир қопини 280 минг сўмдан) сотаётганлиги аниқланиб, унинг бошқарувида бўлган “Damas” русумли автомашинасидан 14 қоп ун маҳсулоти вақтинча олиб қўйилган.

Шу каби, Қўшкўпир туманда ўтказилган ўрганишда, “И.Э.”, “И.Н.”, “Б.Ф.”, “Х.Б.” ва “Х.М.” оилавий корхоналарида қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ва ускуналари мавжуд бўлса-да, нон ишлаб чиқармасдан ҳар ойда катта миқдорда ун маҳсулотлари олганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Қўшкўпир туман ҳокимлигига тақдимномалар киритилиб, инсофсиз тадбиркорлик субъектлари дислокациядан чиқарилган.

Бу каби тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. 

Бундан ташқари, ун маҳсулотларини аҳолига сотиш билан шуғулланувчи 132 та савдо корхоналари, 270 та ишлаб чиқарувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, қонун талаблари тушунтирилган.

Шу билан бирга, Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси,
 Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ун маҳсулотларини аҳолига манзилли ва кафолатли тарзда етказиб берилишини назорат қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича қўшма фармойиши ижрога қаратилган.

Ҳурматли фуқаролар!

Савдо дўконларида сотилаётган маҳаллий ун маҳсулотларини келиб чиқиш манбасига аниқлик киритмасдан, аҳолига махсус тартиб асосида тарқатиладиган ун маҳсулотлари билан адаштирмаслик ҳамда аниқ далил  ва исботларсиз маълумот тарқатмасликни сўраб қоламиз.

Шу ўринда, фаол жамаотчилик вакиллари ва фуқаролардан аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган ун маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Хоразм вилояти ҳокимлигининг 62-223-00-54 рақамли, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг 62-223-17-33 рақамли ёки Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармасининг 62-226-10-21 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишларингизни сўраймиз.


Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

19-05-2022, 14:54
Вернуться назад