Бугун юртимизда барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани янада ислоҳ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди. Улар кўлами ва мазмун-моҳияти жиҳатидан Ўзбекистон учун стратегик ва концептуал аҳамиятга эга ҳамда мамлакатимиз таълим тараққиётида туб бурилиш ясаш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишга қаратилган. Бу борада олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу асосда кейинги бир неча ўн йилликларга мўлжалланган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсад ва вазифалар белгилаб олинди ва амалга оширилмоқда.
Қисқа муддатда олий таълим муассасалари сони икки баробар ортди ва умумий қамров 28 фоизни ташкил этди. Олий таълимга қамров изчил кенгайиб, 2026 йилда 50 фоизга етказилиши кўзда тутилаётгани ёшларимизнинг глобал меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.
Таълим жараёни ҳам халқаро талабларга мослаштирилмоқда. Жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим жараёни янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига ўтказилди. Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда ўқув дастурлари, ўқув режалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Натижада олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимидаги бундай туб ўзгаришлар халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам эътироф этилмоқда. Жумладан, QS халқаро рейтинг компаниясининг ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтингида Ўзбекистон Миллий университети 2022 йил учун эълон қилинган рейтингда ўтган йилги кўрсаткичидан 100 поғона юқори кўтарилиб, 251- ўринни эгаллади.
Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти – “Times Highеr Education” агентлиги “Young University Rankings – 2022” (Ёш университетлар рейтинги – 2022) рейтинг натижаларини эълон қилди. Рейтинг натижасига кўра, республикадаги 4 та олий таълим муассасаcи илк бор янги турдаги мақом — “Reportеr” университетлар қаторида эътироф этилди. Булар: Тошкент давлат юридик университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Турин политехника университети ҳамда Урганч давлат университети.
Ушбу мақом орқали юқоридаги ОТМлар дунёнинг ТОП университетлари рейтингига кириш учун номзод сифатида яна бир катта қадамни қўйишди. Мазкур олий таълим муассасалари бундай самарали натижаларга қандай этиб эришганлиги ҳақида давлатимиздаги энг йирик университетлардан бири ҳисобланган Урганч давлат университети мисолида айтиб ўтмоқчиман.
Мазкур университет раҳбарияти ва жамоасининг ўқув-тарбиявий ишларни янада такомиллаштириш, илғор фан-техника ютуқлари, инновацион технологиялар, истиқболли лойиҳаларни кенг тадбиқ қилиш жараёнларига замонавий талаблардан келиб чиқиб таҳлил қилиш натижасида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги эътирофга лойиқдир.
Зеро, ўзи танлаган йўналиши юзасидан замон талабларига жавоб бера оладиган, республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, малакали, рақобатбардош, юксак билимли мутахассисларни тайёрлаш олий таълим тизими олдида турган асосий мақсад ҳисобланади.
Республимизда ишлаб чиқариш ва илм-фан алоқалари ривожланишининг муҳимлиги ва бу соҳаларда кадрларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда Урганч давлат университети 2019 йилда EРАСМУС+ дастури асoсида “ECCUМ – Establishment of Computing Centers and Curriculum Development in Mathematical Engineering Master program” (Ҳисоблаш марказларини ташкил қилиш ва Математик инженерия магистратура мутахассислиги наъмунавий ўқув режасини тайёрлаш) 561574-EPP-1-2015-1- ES-EPPKA2-CBHE-JP лoйиҳаси қўлга киритган. Ушбу лойиҳага асосан, Сантиаго де Компостела университети (Испания), Турин политехника институти (Италия), Приморск университети (Словения), Костанай давлат университети (Қозоғистон) ва Халқаро Информацион Технологиялар Институтлари (Қозоғистон) иштирокида Математик Инженерия магистратура мутахассислиги очилиши, шунингдек янги компьютер кластерлари билан жиҳозланган ҳисоблаш марказлари ташкил қилиниши назарда тутилган.
Унивeрситeтда хорижий олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий соҳада ҳамкорлик алоқалар географиясини кенгайтириш мақсадида Россия Федерациясининг Белгород давлат технология университети, Гомель давлат университети, Удмуртия давлат университети ва Астрахань давлат техника университети, Польшанинг Вармин-Мазур университети, Хитойнинг Нанчанг университети, Латвиянинг Балтиқ бўйи халқаро ақадемияси ва Беларуснинг Беларус миллий техника университети ва Могилёв давлат озиқ-овқат университети билан, шунингдек, Эрасмус+ дастурининг халқаро кредит мобиллиги лойиҳаси доирасида Испаниянинг Барселона университети билан шартномалар имзоланган бўлиб, ҳозирги кунда бу йўналишларда тузилган шартномалар сони 63 тага етган.
Ўқув жараёнларига Россия, АҚШ, Словения, Эрон ва Белорус Республикасининг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари жалб қилинмоқда. Шунингдек, хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларига университетнинг профессер-ўқитувчилари малака ошириш ва стажировка ўташ курсларида иштирок этиш учун Руминия, Украина, Белорусь, Словения, Словакия ва АҚШ давлатларига хорижий сафарларга юбориб келинмоқда.
Ўтган йилда эса университетнинг 40 нафар талабаси АҚШ, Польша, Руминия, Германия ва Словакия давлатларининг олий таълим муассасаларида талаба алмашинуви дастурларида иштирок этишган.
Умуман олганда, бугунги кунда Урганч давлат университетида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси университетни ҳар томонлама юксалтириш, талабаларнинг чуқур билим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий моддий-техник база билан таъминлаш, юксак илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мухтор ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси аъзоси