DataLife Engine / 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни

       Бугун Урганч  шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.



Дастлаб ҳарбий-маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари  Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, тинчлик учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.






Шундан сўнг байрам тадбири вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ.Игамбергенов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ тақдирланган соҳа ходимларининг фидокорона хизматлари эътироф этилиб, мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда юқори касбий маҳорати билан ўрнак бўлиб келаётган  бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.




Санъат усталари томонидан ижро этилган ҳарбий-ватанпаварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган саҳна кўринишлари байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.






        Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
14-01-2022, 16:16
Вернуться назад