Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Ҳар биримиз ҳаётимизда ўчмас из қолдирган 2021 йил билан хайрлашиб, қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган 2022 йилни эзгу ниятлар билан қарши олмоқдамиз. Бугун ўз якунига етаётган йилни зўр қувонч ҳамда эзгу таассуротлар билан кузатар эканмиз, "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" вилоятимиз аҳли учун ютуқларга бой йиллардан бири бўлгани, бунинг замирида барча соҳа вакилларининг самарали меҳнатлари мужассамлигини мамнуният билан эътироф этаман.
Жорий йил якунларини сарҳисоб этадиган бўлсак, вилоятимизда ҳар бир жабҳада асрларга татигулик бунёдкорликлар, яратувчилик ишлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.”Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари вилоят маркази Урганч шаҳридан тортиб энг чекка қишлоқларни ҳам қамраб олди.Барча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш объектлари, маданий-маиший иншоотлар, турар жойлар фойдаланишга топширилди.
Тадбиркорликни янада ривожлантириш, тўғридан –тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, экспорт ҳажми сезиларли даражада ошди. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз бу йилги мураккаб шароитда фидокорона меҳнат қилиб пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирдилар.
Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида эришган ютуқларимиз салмоғи ҳам қувонарли. Жорий йилда бир нечта янги мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасалари ташкил қилинди, тиббиёт масканлари замонавий диагностика ҳамда даволаш ускуналари билан жиҳозланиб аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланди.
Якунланаётган йил вилоятимиз маданий ҳаётида ҳам муҳим воқеаларга бой бўлди. Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан Хива шаҳрида “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деб номланган халқаро форумни юксак савияда ўтказдик.
Токиода бўлиб ўтган паралимпиада ўйинларида вилоятимиз вакиллари қўлга киритган медаллар шодаси мустақилликнинг 30 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Вилоятимизда юз бераётган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик жараёнлари суръати элдошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир юртдошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган тараққиёт стратегияси, халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.
Қадрли дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, бутун вилоятимиз аҳлини кириб келаётган янги 2022 йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт- саодат, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Янги йилда хонадонингиздан файз- барака, шодлик, тинчлик ва осойишталик аримасин! Янги 2022 йилнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!