Жорий йилнинг 20-22 декабр кунлари Тошкент шаҳрида “Келажак лидерлари” биринчи Республика форуми бўлиб ўтди. Форумда худудларда ташкил қилинган ёш давлат хизматчилари ва олий таълим муассалаларидаги иқтидорли талабалардан иборат “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирок этишди.
Тадбир давомида ёшлар ҳудудлардаги энг долзарб муаммолар, уларнинг келиб чиқиш омиллари ҳамда муаммоларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар билан иштирок қилишди. Хусусан, Хоразм вилояти “Келажак лидерлари” клуби аъзолари вилоятда энг долзарб муаммо бўлган ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган "Business BOND" лойиҳаси тақдимоти билан қатнашдилар.
Муҳим жиҳати шуки, хоразмлик ёшлар илгари сурган ғоя ва таклифлар ҳайъат аъзолари томонидан Республика бўйича энг яхши деб топилган 3 та лойиҳалар қаторига киритилди ва муносиб тақдирланди.
Хоразм ёшларининг ютуғи вилоят ҳокими назаридан ҳам четда қолмади. Бугун вилоят ҳокими Фарход Эрманов “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан учрашиб, уларни форумдаги муваффақиятли иштироки ҳамда ғалаба билан табриклади ва қимматбаҳо совғаларни топширди.