Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи 2-жаҳон уруши қатнашчиси Жаббор бобо Қаландаров 100 ёшга тўлди. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Фарход Эрманов жамоатчилик вакиллари билан Жаббор бобонинг хонадонида бўлиб, нуроний отахонни табаррук ёши билан самимий табриклади.
2-жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган Жаббор Қаландаров узоқ йиллар умумтаълим мактабларига раҳбарлик қилиб халқ таълими ривожига катта ҳисса қўшди, маҳалла оқсоқоли сифатида самарали фаолият олиб борди. Бугунги кунда 5 нафар фарзанд, 50 нафардан ортиқ невара-чеваралар ардоғида, давлатимиз эътиборида.
– Бугунги дориломон кунларга эсон-омон етиб келишнинг ўзи катта бахт, – дейди Жаббор бобо. – Бундай тинч ва фаровон турмушни, юртимиз озодлиги ва ободлигини кўриш кўплаб қуролдошларимизга насиб этмади. Яратганга беҳисоб шукр, эл-юрт ардоғида шундай табаррук ёшга етиш бахти насиб қилди.
Бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган табаррук отахон юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлардан қувониб, ёшларимиз бахту камолини тилаб дуога қўл очди. Умрнинг ҳар бир лаҳзаси қадрига етиш, ҳаёт дафтарини эзгу амаллар билан безашга даъват этди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати