Мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан Урганч шаҳрида вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирокида байрам тантаналари бўлиб ўтди. Тадбир ўтказиладиган жойда ҳар бир туман учун алоҳида павильонлар ажратилиб, унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинди.
Байрам тантаналарида вилоят ҳокими Фарход Эрманов сўзга чиқиб, жорий йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўрсаткичлари, соҳани инновацион ривожлантириш, кластер усулини амалиётга кенг тадбиқ этиш, ҳудудларнинг экспорт имкониятларини ошириш борасида қўлга киритилган ютуқларга тўхталиб, барчани байрам билан муборакбод этди.
Байрам тантаналарида қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Бир гуруҳ юртдошларимизга “Илғор фермер”, “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Хоразм санъат усталари ижросидаги байрам дастури барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати