Маълумки, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгашининг 37-мажлиси қарорига кўра 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинган эди. Пандемия туфайли ушбу дастурдан ўрин олган тадбирлар жорий йилда ўтказиляпти. Жумладан, халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан шу йилнинг 12-15 октябрь кунлари Хива шаҳрида “Турк дунёси шоирлари учрашуви” тадбири ўтказилмоқда.
Ушбу учрашув буюк турк шоири Юнус Эмре вафотининг 700 йиллиги муносабати билан ташкил қилинди. Юнус Эмре турк адабиётига катта таъсир кўрсатган шоир ва сўфий сифатида жуда қадрланади. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг 40-сессиясида 2021 йилни Ислом дунёсининг бир қатор арбоблари - Ҳожи Бектош Вали, Юнус Эмре ва Ахи Эвран йили деб аташ тўғрисида қарор қабул қилинган.
Туркий тилли давлатлардан ташриф буюрган таниқли шоирлар бугун Урганч халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Тадбир иштирокчиларининг Хоразмга сафари Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактаби ва шоирнинг уй-музейи билан танишишдан бошланди. Шундан кейин меҳмонлар қадимий Ичонқалъанинг тарихий ёдгорликларини томоша қилдилар.
Учрашув дастуридан Хоразм Маъмун академияси олимлари билан мулоқот, Президент мактаби, Урганч давлат университети, Комилжон Отаниёзов уй-музейи ва ижод маркази, Хоразм мақом маркази, “Улли ҳовли” тарихий мажмуаси, вилоят ахборот-кутубхона маркази ва вилоят мусиқали драма театри фаолияти билан танишувлар ўрин олган.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот маркази