DataLife Engine / Сенат Раиси Хоразм вилоятида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлаш масалалари билан танишди

Сенат Раиси Хоразм вилоятида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлаш масалалари билан танишди

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева хотин-қизлар  бандлигини таъминлаш, уларга муносиб иш шароитларини яратиш, “Аёллар дафтари”га киритилган  хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида  вилоятимизнинг қатор меҳнат жамоаларида бўлди.

        Даставвал, вилоят ҳокимлигида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида секторлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимларининг маслаҳатчилари иштирокида  йиғилиш ўтказилди. Унда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Олий Мажлис Сенати Раиси  Янгиариқ туманидаги "Global Food Impeks” МЧЖга  қарашли иссиқхона фаолияти билан  танишди. Корхона раҳбари  иссиқхонада ишчилар учун яратилган шароитлар, маҳсулотлар экспорти, шунингдек, қўшимча 104 гектар майдонда барпо этилаётган янги иссиқхона қурилиши ҳақида маълумот берди. Аҳамиятли жиҳати, янги иссиқхона иш бошлаши натижасида қишлоқ аёллари учун 1200 та иш ўрни яратилади.



         Ташрифнинг навбатдаги манзили тумандаги "Каттабоғ кулолчилик маркази"  бўлди. Сенат Раиси кулолчилик марказида фаолият юритаётган уста кулоллар, жумладан зангори кулолчилик   буюмларига нафис нақшлар чизаётган хотин-қизлар билан самимий суҳбат қурди.


      Олий Мажлис Сенати Раиси Хива гилам комбинати фаолияти билан танишди. Илгари бу жой фойдаланилмай турган бино эди. 2020 йил сентябрда замонавий комбинат ташкил этилиб, жорий йилнинг август ойида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилди.

Бу ерда полипропилен ип, гилам ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.Комбинатда 250 та иш ўрни яратилган бўлиб, асосан хотин-қизлар меҳнат қилади. 2022 йилда учинчи босқич - акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етади. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 5 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.



Сенат Раиси шунингдек, Хива шаҳридаги Огаҳий номли ижод мактабининг иқтидорли ўқувчилари билан учрашди, шаҳарда янги фойдаланишга топширилган “Фаровон” меҳмонхонаси, Қўшкўпир туманининг “Шихмашҳад” маҳалласидаги оилавий корхона фаолияти билан танишди.

     Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати                

7-10-2021, 18:53
Вернуться назад