Вилоятимизда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб меҳнат фахрийлари, ўрта авлод вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди. Дастлаб тадбир қатнашчилари учун вилоятимизнинг янги ишлаб чиқариш корхоналари, маданий маиший объектлари бўйлаб саёҳат ташкил қилинди.
Уч авлод вакиллари Урганч давлат университети, Ёшлар маркази, вилоят кутубхонаси, Хива шаҳридаги янги вокзал биноси, Янгиариқ туманида тўқимачилик, Боғот туманида узумчилик йўналишида амалга оширилган лойиҳалар билан танишдилар. Ҳазорасп туманидаги тиббий клиникада, Тупроққалъа туманида барпо этилган бир қатор объектларда бўлдилар. Янги Ўзбекистон манзарасини ёрқин рангларда ифода этадиган замонавий иншоотлар, обод кўча ва хиёбонлар, турли ижтимоий объектлар билан танишувлар иштирокчиларда бир олам таассуротлар уйғотди.
Тадбирнинг асосий қисми Президентимиз ташаббуси билан янги ташкил қилинган Тупроққалъа туманининг “Нукус” маҳалласида ўтказилди. Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган ушбу маҳаллада ўзбек ва туркман миллатига мансуб элдошларимиз ҳамжиҳатликда, тинч-тотув яшаб, юртимиз равнағига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Жорий йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли бу маскан мутлақо ўзгача қиёфа касб этди.
Учрашувда ёши улуғ отахон ва онахонлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, бугунги кунда фахрийларга кўрсатилаётган эътибор, мустақиллик берган имкониятлар хусусида дил сўзларини, самимий фикрларини билдирдилар.
Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш масалалари анжуманда сўзга чиққанлар нутқида, дастурхон атрофидаги гурунгларда, ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда ҳам алоҳида ажралиб турди. Спортчилар ва чавандозларнинг чиқишлари, халқ ҳунармандчилиги буюмлари кўргазмаси томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда мамлакатимизнинг тарихий ва шонли санаси муносабати билан турли соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари ва фаол ёшларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди.
Тупроққалъа туманида, Саримой кенгликларида очиқ осмон остида ташкил қилинган байрам дастури кекса-ю ёшга бир олам қувонч улашди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати