DataLife Engine / ССВ: ХОРАЗМЛИК АЁЛНИНГ САЛОМАТЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЭМЛАШ БИЛАН БОҒЛИҚ ЭМАС

ССВ: ХОРАЗМЛИК АЁЛНИНГ САЛОМАТЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЭМЛАШ БИЛАН БОҒЛИҚ ЭМАС



Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида вакцина олгандан сўнг аҳволи оғирлашган фуқаро ҳақида видеолавҳа тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу вазиятни назоратга олганлиги, унинг аҳволини ўрганиш, бу ҳолат нима сабабдан юз берганига аниқлик киритиш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилганлиги юзасидан хабар берган эдик.

Дастлабки маълумотларга қараганда, видеолавҳада тилга олинган фуқаро С.Ё. 30 ёшда бўлиб, илгари менингит белгилари билан муолажа олган, гепатит “С” ва иккала кўз миопия енгил даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган.

Фуқаро С.Ё. 2021 йил 27 август куни шифокор кўригидан ўтказилиб, вакцина олишга қарши кўрсатма бўлмаганлиги сабабли коронавирусга қарши эмланган ва оилавий шифокор кузатувида бўлган. Вакцина олгандан кейин ҳеч қандай ножўя таъсирлар кузатилмагач, акаси С.О.нинг уйига кетган. 

Шу куни тунги соат чамаси 21:17ларда С.Ёда умумий ҳолсизлик, қўл-оёқ тортишиши, нафас қисиши каби белгилар кузатилган ва шундан сўнг фуқаронинг яқинлари тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Тиббий бригада томонидан С.Ёга “Вегетотомир дистонияси” дастлабки ташхиси қўйилиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Сўнг С.Ё. текширув ва даволаш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм филиалига олиб борилган. У даволаш муассасаси қабул бўлимида невропатолог шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, белгиланган стандартлар асосида зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва кузатувда бўлиши тушунтирилган. Бироқ, фуқаро шифохонада ётишдан бош тортган.

Видеомурожаатда кўзи кўрмай қолганлиги қайд этилган С.Ё. мазкур даволаш муассасаси қабулхонасига тез ёрдам машинасидан мустақил тушиб, шифокор қабулига ўзи юриб кирганлиги ва юриб чиқиб кетганлиги видеолавҳада айтилган сўзлар ҳақиқатга мос келмаслигини кўрсатади.

Бундан ташқари, бугун Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ғайрат Қориев бошчилигидаги нейрохирург, инфекционист, невропатолог, офтальмолог ва иммунолог каби қатор мутахассислар С.Ё.ни яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказган. Кўрик давомида С.Ё.нинг аҳволи қониқарли, нафас олиши ва юрак уриши меъёридалиги маълум бўлган. Қолаверса, унинг кўз тубида патологик ўзгаришлар аниқланмаган. Айни пайтда С.Ё. ўзини яхши ҳис қилмоқда. 

Тиббий кўрикдан ўтказган бош мутахассисларнинг якуний хулосаларига кўра, фуқаро С.Ё.нинг бир кун аввалги соғлиғидаги ўзгаришлар эмлаш билан боғлиқ эмаслиги ойдинлашган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизга олиб келинаётган ва бутун дунёда қўлланилаётган коронавирусга қарши вакциналар бўйича маълум қарши кўрсатмалар бўлиб, энг асосий монеъликлардан бири бу - анафилактик шок ҳисобланади. Ушбу ҳолат аввал бошқа дорилар ёки вакцинага нисбатан қандайдир реакциялар ва анафилактик шок юз берган беморлардагина кузатилиши мумкин. Бошқа ҳеч бир инсонда бундай нохуш ҳолат рўй бермайди. 

Бунинг исботи сифатида айни пайтгача дунёда 5 миллиардга яқин одам, мамлакатимизда эса 14 миллионга яқин вакцина дозаси қўлланилган бўлса, тиббий кузатувлар натижасида бирорта инсонда анафилактик шок кузатилмаган. Эмлашдан кейинги юз берувчи ҳолатларнинг барчаси енгил ва ўрта даражадаги ўзгаришлар бўлган. Булар - холсизлик, мушаклар ва суякларда оғриқлар, иситманинг бироз кўтарилиши ҳамда инекция қилинган жойда оғриқ пайдо бўлишидир. Ушбу ўзгаришлар ҳам қисқа вақтда ўтиб кетадиган ҳолатлар ҳисобланади.

Қолаверса, юқорида таъкидланганидек, вакцина қилишга энг асосий монъеликлардан бири ҳисобланган анафилактик шок ҳолати вакцина қилингандан кейин 30 дақиқа ичида рўй бериши мумкин. Хоразмлик С.Ё. эса эмлашдан аввал ҳамда вакцина олгандан сўнг тиббий кўрикдан ўтказилган ва ҳеч қандай салбий таъсирлар кузатилмагандан сўнггина уйига рухсат берилган. 

Агар С.Ё.нинг соғлигидаги салбий ўзгаришлар чиндан ҳам вакцина билан боғлиқ бўлганида, унда 30 дақиқа ичида анафилактик шок ёки бир нуқтага қараб, қотиб қолиш ҳолати кузатилган бўларди. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада кўриш мумкинки, С.Ё.нинг эс-хуши жойида, ён-атрофидаги гап-сўзларни эшитиб, тушуниб турибди, ҳеч қандай судурги ҳолатлари йўқ.

Яна шуни айтиш лозимки, вакциналарнинг ўзи ҳеч қачон ва ҳеч қандай касалликни чақирмайди. Шунингдек, вакцинациядан кейинги салбий ҳолатлар ҳеч қачон бир марта ёки бир одамдагина кузатилмайди, аксинча бир нечта одамда ва жамоавий рўйхатга олинади. Шу маънода олиб айтсак, фуқаро С.Ё.нинг соғлигидаги ўзгаришлар эмлаш билан боғлиқ эмас.

Шундай экан юртдошларимиздан коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига тўғри муносабатда бўлишларини, вакцина ҳақида фикр билдиришдан аввал масалага мулоҳаза билан ёндошишларини, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кимнидир обрўсизлантириш, аҳоли ўртасида эмлаш бўйича нотўғри тассаввур уйғотиш мақсадида фойдаланмасликларини сўраб қоламиз. Зеро, бугун давлатимиз халқнинг саломатлиги йўлида барча куч ва имкониятни ишга солаётган бир пайтда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, аксинча ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги йўлида эмланиш барчамиз учун энг тўғри йўлдир.

Эслатиб ўтамиз, “COVID-19”га қарши самарали курашиш, аҳолини коронавирусдан асраш мақсадида жорий йил 1 апрелдан бошлаб мамлакатимизда оммавий эмлаш тадбирлари йўлга қўйилди. Эътиборлиси, ўтган вақт давомида юртимизда қўлланилаётган вакциналар билан эмланган аҳоли вакилларида бирорта ҳам жиддий салбий таъсир кузатилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Матбуот хизмати.
29-08-2021, 16:32
Вернуться назад