Узумчилик - доимий даромад манбаи
Боғот туманидаги “Узумзор” шаҳарчаси аҳолиси бир неча йиллардан буён томорқа ерларида кечпишар узум етиштириб, Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилиш билан шуғулланишади.
Шаҳарчада 810 та хонадонда 78 гектар узумзор мавжуд. Ҳар бир хонадон ўртача 250-300 центнердан ҳосил олади. Узум етиштириш кенг йўлга қўйилгани туфайли бугунги кунда шаҳарчада “Темир дафтар”да биттаям фуқаро қолмади. Ўтган йил аксарият хонадонлар томорқада узум етиштиришдан олган даромадларини саккиз хонали сонлар билан ҳисоб-китоб қилишди. Ҳар бир хонадонда биттадан, баъзиларида иккитадан енгил машина, уй-жойлари ҳам ҳавас қилса арзигулик.
Мазкур ҳудудда етиштирилган узумнинг таъми ва сифати ўзига хос бўлиб, илгари ҳосил мева сақлайдиган махсус омборларда, яъни талакда сақланган. Ҳозир туманда бир нечта замонавий совуткичли омборлар қурилди.Бу экспорт имкониятини янада кенгайтирди. Шаҳарча аҳолиси томорқада фақат узум етиштириш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Токзорлар орасида турли хил сабзавот экинлари ҳам парваришланади.
Кечаги селектор йиғилишда ҳурматли Президентимизнинг узумчиликни ривожлантириш бўйича билдирган таклифлари шаҳарчамиз аҳлини янада изланишга, соҳага илмий асосда ёндашиш, бозор талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб маҳсулот етиштириш, инновацион усулларни жорий этишга ундади, - дейди “Узумзор” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Худоёр Бобониёзов.
Шаҳарчага яқин ҳудудда замонавий технология асосида йилига икки минг тонна узумни қайта ишлайдиган завод барпо этилмоқда.Бу эса узумзорликлар узумининг яна бир йирик улгуржи харидори пайдо бўлаётгани, бу йил даромад салмоғи янада ошишидан дарак беради.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
8-07-2021, 15:00
Вернуться назад