DataLife Engine / Маънавиятимиз муаммолари

Маънавиятимиз муаммолари

Юртимизда ҳур сўз, эркин фикрга кенг ўрин ажратилгани, қаламкашман деганга катта ҳуқуқ ва ваколатлар берилганини эндиликда бутун жаҳон билади. Мамлакатимиз Конституциясида зикр қилинишича: "Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди.Улар ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардирлар." Конституциямиз руҳи билан суғорилган   қонунчилигимизга кўра ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш,олиш,текшириш,тарқатиш,ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади.Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги  учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.Фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш,шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Шу билан бирга талай этик меёрлар ҳам бор.Унга мувофиқ муаллифларнинг қуюшқондан чиққан ҳаяжон  ҳамда эҳтироси, шахсий хулқ-атвори ёзилаётган, тасвирга олинаётган, тарқатилаётган ахборотга дахл қилмаслиги даркор. Афсус, журналистиканинг шу ва бошқа бир қатор тамойилларини сояга суриш ҳоллари бор ва у интернет тармоғидаги блогерлик ҳаракати қатнашчилари фаолиятида кўпроқ кузатилаяпти.

     Ижтимоий тармоқларида  сумалак қозони атрофида ярим-яланғоч  ҳолда гир айланиб рақс тушаётган,гўёки халқимизнинг севимли  таомини ҳозирлаётган бир неча беҳаё қизнинг ғализ ҳатти-ҳаракати акс этган тасвирлар омма эътиборига ҳавола этилди. Маънавий қашшоқлик, ахлоқий тубанлик, бутун жаҳонга довруғли ва ибратли ўзбекона шарм-у-ҳаёга хиёнатнинг жирканч башарасини ўшанда кўрдик.

Шармсиз қизлар-ку тафаккур танқислиги боис ҳақиқий беҳаёлик намуналарини бутун эл олдида намойиш этишдан ўзларини тия олишмади.Аммо,бу кўримсиз манзарини бамайлихотир суратга олган ва уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган блогер ҳамкасабамиз-чи? У аслида ким,маънавий-ахлоқий қиёфаси-ю, савияси, инсонийлиги қай даражада? 

      Юрагида ғурури, маслаги борлар йўлидан адашмайди. Бинобарин,маслак йўқолса, ғурур ҳам сўнади. Ғурурини йўқотганлар мутега айланади.Бундай шум қисматдан Яратганнинг ўзи асрасин.

        Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 

19-09-2023, 16:00
Вернуться назад