DataLife Engine / Бозор – юрт кўрки

Бозор – юрт кўрки

Бозорларнинг ободлиги шу эл одамларининг нозик диди ҳамда юксак маънавиятидан, тўкин-сочинлиги – улуснинг турмуш фаровонлигидан далолат.Шу боис азалдан бу масканларни обод қилишга, саранжом-саришталигига алоҳида эътибор қаратилган. Бир–биридан муҳташам иморатлар қад кўтараётган замонавий шаҳарларнинг бозори ҳам ана шу гўзал манзараларга мос бўлиши керак, албатта. Шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб бермайдиган, сотувчи ҳамда харидорлар учун зарур шароитларга эга бўлмаган бозорларнинг бузилиб ўрнига янгилари қурилиши замон талаби. Фақат тарихий аҳамиятга эга ва сайёҳлар томоша  қилиши учун сақлаб қолинадиган қадимий савдо расталари, тимлар бундан мустасно. Савдо сотиқ учун мўлжалланган  иморатларни янгиланиши дунё тажрибасида ҳам худди шу тахлит амалга оширилади. Фақат бу жараёнда энг муҳими мулк эгаларининг розилиги, уларнинг савдоси касодга учрашига, моддий зиён кўриб инқирозга юз тутишига йўл қўймаслик. 

         2017 йилда Хива шаҳридаги  “Хива универсал савдо комплекси” акциядорлик жамияти   ҳудудида 6,8 гектар майдонда жойлашган   690 та савдо дўконлари бузилиб, бозор вақтинча бошқа жойга кўчирилган эди.

Ҳозирги кунда Хива шаҳар деҳқон ва буюм бозорларида санитария ҳолатлари яхши эмас. Озиқ-овқат моллари ва деҳқончилик маҳсулотлари очиқ ҳавода, чанг-тўзонда сифатини йўқотмоқда.  Белгиланган патта тўловларини ўз вақтида ҳисоблашаётган сотувчилар учун энг оддий шароитларни яратишга эса бозор маъмурияти эътиборидан четда қолмоқда.

Қадимий Хивага ҳар куни дунёнинг турли минтақаларидан минглаб сайёҳлар келади. Шаҳар меҳмонларида тарихий ёдгорликлар, осори-атиқаларни томоша қилиш билан бирга таърифи мағриб-у машриққа кетган Шарқ бозорларини айланишга бўлган иштиёқ ҳам кучли. Бозордаги аҳволни,  шароитни кўриб улар қандай таассурот билан қайтишаркин? Шаҳарнинг бош режаси бўйича пухта ўйланган лойиҳа асосида халқимизга  эллик-юз йил хизмат қиладиган бозор қуриш наҳот шунчалик қийин иш бўлса? 

Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

20-01-2021, 17:00
Вернуться назад