Донорлик-шарафли иш. 14 июнь- бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида “Қон топширинг, дунёда ҳаёт давом этсин!” шиори остида турли акциялар, викториналар, давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда.
Бугун эрталабдан муассаса ҳар доимгидан-да гавжум. Хайрли ишга бош қўшиш истагидаги кўплаб юртдошларимиз қон топшириш учун ташриф буюрди. Вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари биринчилардан бўлиб беғараз қон топширди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида донорлар сафи янада кенгаймоқда. Айтайлик, 2020 йилда вилоятимиз бўича 12243 донор 6277 лтир қон топширди. Бу қондан 2582, 66 литр янги музлатилган плазма, 2917,7 литр эритромасса, 289 дозла кропреципитат, 549 дозла тромбоконцентрат ва бошқа қон таркибий қисмлари тайёрланди.
Қон қуйиш маркази фаолияти жаҳон андозаларига мос равишда йўлга қўйилган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналар, энг сўнгги усулдаги лаборатор таҳлиллари иш кўламини янада кенгайтиришда, аниқ ташхис қўйишда қўл келмоқда.
Марказга ҳар куни 100 га яқин юртдошларимиз мурожаат қилади. Ташриф буюрган кўнгиллининг энг аввало исм-шарифи электрон базада шакллантирилган назоратда турувчи беморлар рўйхатида бор ёки йўқлиги аниқланади, яқин кунларда бирор касаллик билан оғринганлиги ва жарроҳлик амалиёти ўтказилмаганлиги суриштирилади. Агар ҳеч қандай шикояти бўлмаса, лаборатор таҳлилида гемоглобин даражаси текширилади ва бошқа таҳлиллар қилинади. Бу каби текширувлар албатта қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Юқумли касалликлар қайд қилинмаган, соғлом фуқароларгагина қон топширишга руҳсат берилади. Шунга кўра, ҳар куни мурожаатчиларнинг 60 га яқинидан қон олиниб, қон компонентлари тайёрланади.
Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг аҳолининг камида 40 нафари донор бўлиши талаб этилади. Шу боис, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом юртдошларимизни акцияда фаол иштирок қилиб, дунёда ҳаёт давом этишига ҳисса қўшишга чорлаймиз! Акция июнь ойининг охирига қадар давом этади.
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати