Бу йил вилоятимизда 33 минг 200 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш учун 316 та дон комбайнлари, ғалла ташувчи транспорт воситалари, 4 та дон корхоналарига қарашли 9 та қабул масканлари мавсумга тахт қилиб қўйилган.
Бугун Шовот туманидаги “Уста Матсафо” фермер хўжалиги далаларида вилоятда ғалла ўрим-йиғими бошланиши олдидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда сектор раҳбарлари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этдилар. Вилоят ҳокими Фарход Эрманов қишлоқ хўжалиги соҳасида шу куннинг долзарб вазифалари хусусида тўхталди.
Вилоятда ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишлари ҳар йилгидек отряд усулида ташкил қилинади. Мавсум давомида ҳар бир комбайнга ўртача 105 гектар ғалла майдони тўғри келиб, ўрим-йиғимни қисқа муддатда якунлаш учун тўлиқ имконият мавжуд.
Семинарда ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан тизимли ташкил этиш, мавсумда дала меҳнаткашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ғалладан бўшаган майдонни шудгорлаш ва такрорий экинларни жойлаштириш бўйича керакли тавсиялар берилди. Шу билан бир қаторда ғўзани суғоришни ташкил этиш бўйича соҳа мутахассислари, фермерлар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати