Хоразм вилоятида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига биноан, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил қилинмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь кунидан ҳудудий тренерлар шаҳар ва туманларга тақсимланиб, участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан машғулотлар ўтказишга киришилди.
Семинар-тренинглар интерфаол усулларда, жумладан, маъруза, видеодарс, сайлов жараёнларини моделлаштириш, тренинг, симуляция, баҳс-мунозара тарзида барча зарур жиҳоз ва воситалар билан тўлиқ таъминланган аудиторияларда олиб борилмоқда.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларнинг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби каби мавзулар кенг қамраб олинади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати