Бугун вилоят ҳокими Фарход Эрманов Малайзиядаги Binary университетининг халқаро алоқалар бўйича директори Гилберт Алвинни қабул қилди.
Маълумот учун, Binary университети хусусий олий таълим муассаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрдаги 558-сонли қарорига асосан Урганч шаҳрида мазкур университетнинг филиали ташкил этилган.
Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш филиалнинг асосий вазифа ва фаолият йўналиши ҳисобланади.
Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни бепул (филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратилади.Айни кунгача 4,5 мингдан ортиқ абитуриентлар университетда ўқиш учун ҳужжат топширган.
Мулоқот чоғида қабул ва ўқиш жараёнини ташкил этиш, филиални юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати