Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган кенг қамровли амалий ишлар йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси таъминланиб, жойларда коррупцияга қарши курашишда муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаяпти.
Айниқса, аҳолининг ҳуқуқий онгги, билимини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда қоррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари масъул ходимлари, қатор ташкилот ва идоралар мутахассислари иштирокида семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда турли касб, турли соҳа вакилларининг ҳуқуқий саводхонлиги янада мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, таълим муассасаларида, маҳаллаларда коррупциянинг олдини олишда ва унга қарши курашда ҳар бир фуқаро доимо фаол, огоҳ, ҳушёр бўлиши муҳимлиги қайд этилмоқда. Бевосита жойларда ўтказилаётган бундай тадбирлар давомида унинг иштирокчилари ўзларининг қизиқтираётган саволларига ҳам аниқ, тўлақонли жавоблар олишаяпти.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларни бартараф этиш муҳимлиги тадбирлар давомида алоҳида қайд этилмоқда.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларида ахборот бериш механизмлари такомиллаштирилмоқда.
Хоразм вилоят маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат ташкилотларида коррупциянинг оқибатлари ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари юзасидан амалий семинар ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул ходимлари, ҳуқуқшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилдилар.
Ушбу семинарда Хоразм вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари маърузалар билан қатнашдилар.
Семинар давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги амалиётлар, жумладан, коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизими, коррупцион ҳафв-хатарларни баҳолаш, давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашишлари учун уларни тизимли равишда ўқитиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталинди.
Коррупцияга қарши биргаликда кураш олиб бориш энг долзарб вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.
Семинар ўзаро мулоқот ҳамда унинг қатнашчиларининг фаол иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда ҳуқуқшунослар шу ернинг ўзида барча саволларга жавоблар беришди.
Отахон РАҲИМ,
“Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти мухбири.