DataLife Engine / Вилоят ҳокими Ф.Эрманов кўзи ожизлар жамияти аъзоларини қабул қилди

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов кўзи ожизлар жамияти аъзоларини қабул қилди

Бугун вилоят ҳокими Фарход Эрманов Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали биносида вилоятимизда  истиқомат қилаётган  80 нафарга яқин    кўзи ожиз  ҳамда заиф кўрадиган фуқароларни қабул қилди.


Маълумот  ўрнида  айтиш жоиз вилоятимизда 3353 нафар кўзи ожиз ва кўриш қобилияти чекланган фуқаролар бўлиб, табиийки уларнинг  таълим олиши, ишга жойлашиши , тиббий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа масалаларда ўзига хос муаммолари мавжуд. Қабул жараёнида ана шу муаммолар бирма-бир тингланиб, бир қисми шу жойнинг ўзида ҳал қилинди, қолган масалаларни  ўрганиш ва ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди. 


Мурожаатлар асосан уй-жой олиш, уйнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, моддий ёрдам ва даволаниш, ногиронлик гуруҳини белгилаш,  ишга жойлашиш каби  масалалар хусусида  бўлди.

Мулоқот  чоғида кўриш қобилияти чекланган йигит-қизлар учун махсус касб-ҳунар мактабини ташкил қилиш, шаҳар ва туманлардаги кўзи ожизлар кутубхоналаридаги шарт-шароитларни яхшилаш, туманларда заиф кўрувчи фуқаролар меҳнат қилиши учун махсус ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиш ва маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашиш масалалари бўйича таклифлар билдирилди.

Дунёни қалб кўзи билан кўрадиган  бундай инсонларга нисбатан доимо меҳр-оқибатли, эътиборли бўлиш  маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар  раҳбарлари зиммасидаги муҳим вазифалардан бири эканлиги  таъкидланиб,  берилган топшириқлар ижроси қатъий назоратга олинди.

Хоразм   вилояти   ҳокимлиги   матбуот  хизмати
27-05-2021, 16:45
Вернуться назад