DataLife Engine / Болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?

Болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?

Ҳадемай умумтаълим мактабларида якуний имтиҳонлар ниҳоясига етиб ўқувчилар ёзги таътилга чиқадилар. Ёз мавсумида вилоятимизнинг сўлим гўшаларида жойлашган  болалар оромгоҳлари ўғил-қизларни ўз бағрига олади.Уларнинг мириқиб дам олиб, ҳордиқ чиқаришларида эса оромгоҳларда яратилган шарт-шароитлар муҳим ўрин тутади.


Бу йил вилоят бўйича  10 минг 900 нафар ўқувчи ёшларни дам олдириб,соғломлаштириш режалаштирилган.  Вилоят ҳокими Ф.Эрманов мавсум бошланиши олдидан Қўшкўпир туманидаги “Дўстлик” оромгоҳида бўлиб болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.



Оромгоҳда ўқувчиларнинг мароқли дам олишлари, жисмоний чиниқиб соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун барча шароитлар яратилган. Дам олиш, овқатланиш, ювиниш ва машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган хоналар, спорт майдончалари  зарур жиҳозлар ва маиший техника воситалари билан таъминланган. Компюьтер  технологиялари, хорижий тилларни ўрганиш, бадиий ижодиёт, мусиқа, спорт соғломлаштириш тўгараклари фаолиятини ташкил этиш, кутубхонани болаларга мўлжалланган янги бадиий адабиётлар билан бойитиш, турли кўрик-танловлар, кўргазмалар, спорт мусобақалари ўтказиш , тарихий жойлар ва табиат қўйнига саёҳатлар уюштириш бўйича режалар ишлаб чиқилган. 


Бундан ташқари кам таъминланган, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мавсум давомида мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида жойлашган энг сўлим дам олиш масканларига юбориш мўлжалланган.

Хоразм вилояти  ҳокимлиги матбуот хизмати
15-05-2021, 21:00
Вернуться назад