Боғот туманидаги Найман қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Марат бобо Ёмғуров истиқомат қилади. Бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган пиру бадавлат отахон ҳали тетик ва доимо аъло кайфиятда юради.
Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман Кенгаши вакиллари тез тез Марат бобони йўқлаб, отахоннинг ҳолидан хабар олиб турадилар. Ана шундай учрашувлардан бирида отахон юртимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини асраш, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида кўрилаётган чора- тадбирларни олқишлаб, бу эзгу ишларга жисмоний қуввати етмасада, дуога қўл очиб кўмакдош бўлиш ниятида экани, шунинг учун партияга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.
Марат бобо 9 май – Хотира ва қадрлаш куни Ўзбекистон Экологик партияси сафига қабул қилинди ва аъзолик билети билан бирга байрам совғалари топширилди.
Уруш қатнашчисининг Экологик партия сафига кириши ўзига хос рамзий маъно касб этиб, кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар эътиборини атроф муҳит мусаффолиги ва табиатни асраш муаммоларига қаратишга ёрдам беради.
Улуғбек Иброҳимов,
Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари Боғот туман Кенгаши депутати