9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Бугун Урганч шаҳрида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этдилар.
Байрам тадбири ўтказиладиган боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил қилинди. Вилоят театри актёрлари томонидан ўша давр руҳини акс эттирувчи саҳна кўринишлари яратилиб, уруш йилларининг куй –қўшиқлари ижро этилди.
Байрам давраси пойтахтимиздаги Ғалаба боғида ташкил этилган асосий тантаналарга видеоалоқа тизими орқали уланиб, иштирокчилар мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уруш фахрийларига, бутун халқимизга йўллаган табригини тингладилар.
Шундан сўнг вилоятимизда ўтказилаётган байрам тадбири Урганч шаҳридаги Хотира майдонида давом этди. Уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбий –маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳарбий қисмлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига алвон гулчамбарлар қўйиб, жанг майдонларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган ота-боболаримизнинг букилмас иродаси, жасорати ва матонатини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирдилар.
Байрам муносабати билан ҳарбий парад ва Қуролли Кучлар харбий техникалари марши ўтказилди. Унда Шимолий-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларнинг аскар ва офицерлари, Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари шахсий таркиби, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спорт-техника клубларининг авто ва мотоҳаваскорлари иштирок этди.
Қадри баланд нуронийлар билан суҳбат тўкин байрам дастурхони атрофида давом этди. Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Ф.Эрманов йиғилганларни байрам билан қутлади. Хотира китобига номлари мангуга қайд этилган мард ва жасур юрт ўғлонларининг ёди, уларнинг жасоратлари тилга олинди. Уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар бундай беқиёс ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга, халқимизга миннатдорчилик билдирдилар.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
9-05-2021, 14:56
Вернуться назад