Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқга жойлаштирилган Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкали қурилиши учун бекорга катта маблағ сарфланаётгани ҳақидаги видеолавҳа кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Урганчда замонавий ва миллий услубда бунёд этилаётган янги бинолар, кўча ва хиёбонлар шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Шаҳарда кўп қаватли муҳташам иморатлар билан бир қаторда ёдгорлик мажмуалари, диққатга сазовор обидалар барпо этилмоқдаки, улар сайёҳлар эътиборини тортиш баробарида шаҳарликларнинг ҳам севимли масканларига айланяпти.
Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, чин маънодаги ватанпарвар, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган буюк саркарда, хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори Жалолиддин Мангуберди сиймоси акс этган маҳобатли ҳайкалнинг ўрнатилиши ҳам халқимизнинг ҳоҳиш иродаси билан амалга оширилмоқда. Ҳайкалнинг ўлчамлари тўғрисидаги иддаоларга келадиган бўлсак бу ёдгорлик буюк бобомизнинг жасорати ва шону шавкатига мос улуғворлик касб этиши, бу мажмуа Хоразмнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланиши кўзда тутилган.
Видеолавҳада келтирилган шаҳарда инфратузилма объектларининг ҳолати тўғрисидаги нохолис ахборотлар бўйича жамоатчилик ўрганишлари натижасида шуни маълум қиламизки, Урганч шаҳри аҳолисининг 99,5 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, шаҳарда ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш лойиҳаларига 2020 йилда 21,5 миллиард сўм сарфланган, 2021 йилда эса 5,5 миллиард сўм ажратилган. Шаҳарда автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича 2020 йилда 3 миллиард сўмдан зиёд, жорий йилнинг 1-чорагида 950 миллион сўмлик иш бажарилган. Шаҳарда 2020 йилда умумтаълим мактабларини таъмирлаш ишларига 13 миллиард 818 миллион, тиббиёт муассасаларини таъмирлашга 20 миллиард сўм маблағ сарфланган.Давлат инвестиция дастури асосида бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши
28-04-2021, 20:20
Вернуться назад