Бугун шаҳар, туман ҳокимлари ҳамда уларнинг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари Қўшкўпир туманидаги “Кўназей” маҳалласида “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Дастур асосида маҳаллада барча хонадонлар 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланди, 3,2 километр узунликдаги йўлларга асфальт ётқизилди, электр симлари янгиланиб қўшимча трансформатор ўрнатилди.Аҳоли хонадонларининг том қисми шифер билан ёпилиб, фасад қисми таъмирланди, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Иккита жойда болалар ўйин майдончалари, “Ақлли бекат”, маиший чиқиндиларни ташлаш учун махсус жойлар ташкил қилинди.
Вилоят ҳокими Ф.Эрманов амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, қўшкўпирликлар тажрибасини бошқа туманларда ҳам кенг оммалаштириш, дастурга киритилган маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.
Тадбир иштирокчилари туманда иссиқхоналар ташкил қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш борасидаги лойиҳалар билан ҳам танишдилар. Шунингдек, туман марказида барпо этилган янги буюм бозорининг қурилиш услуби билан танишиб, бошқа туманларда ҳам замонавий савдо марказлари ташкил қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати