DataLife Engine / Меҳр-мурувват ва саховат инсонни улуғлайди

Меҳр-мурувват ва саховат инсонни улуғлайди

Инсон борки, ўз уйи — ошёни бўлиши учун интилади. Ота-боболаримиз оилада фарзанд туғилиши биланоқ ерга ниҳол қадашда, имконият туғилса, унинг учун ҳеч бўлмаганда уйнинг пойдеворини солиб қўйишни афзал билганида ҳам ҳикмат бор. Эътибор берсангиз, ҳатто қалдирғоч ҳам мустаҳкам бошпана қилиш учун минг бир синоатга эга ин қуради. 
Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам учрайдики, улар ўзларидаги чекланган имконият туфайли уйли бўлишдек орзу билан узоқ йиллардан буён бир жойда қўним топмай ёхуд ўта қийин, ночор шароитда яшаб келади. Бундай инсонларга ёрдам бериш эса бурчимиздир.

- Президентимиз ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга чиққани бугун, айтиш мумкинки, ана шу эҳтиёжманд инсонлар ҳаётига ҳамда уларнинг оиласига чинакам қувонч олиб кирмоқда.
Жумладан, туманда истиқомат қилувчи Осиё Ҳудойберганова шулар жумласидандир. Осиёнинг 2 нафар фарзанди бор, “Аёллар дафтари”да туради. Куни кеча Осиёга янги уйнинг калити  вилоят ҳокими ўринбосари М.Умрзоқов ва Ҳазорасп тумани ҳокими Ў.Машарипов, Халқ қабулхонаси мудири С.Ходжамуротовлар иштирокида топширилди. 

-Мен аввало бизни қайғураётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бугун мен ўз уйимга эга бўлдим. Энди фарзандларим бағримда бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз. Илоҳим Юртбошимиз соғ-омон бўлсинлар. Шундай шароитларни яратиб бериб, доимий тарзда хабаримизни олиб турган туман ҳокимига ҳам ўз ташаккуримни билдираман,-дейди Осиё Худойберганова.
Дарҳақиқат, бугун эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Уйсизлар уй билан таъминланиб, ночорларга моддий ёрдам берилиб, ҳайрли ишлар туманимиз бўйлаб давом этмоқда.
 
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп тумани ҳокими Матбуот котиби.

17-04-2021, 19:02
Вернуться назад