Бугун Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида вилоят ҳокими Ф.Эрманов иштирокида "Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ва бу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман , шаҳар ҳокимлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоят ташкилотларининг матбуот котиблари, Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок қилдилар.
Тадбирда Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар жараёнига тўсиқ бўлаётган муаммолар хусусида қизғин фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Матбуот вакиллари, блогерлар қатор таклифларни билдириб, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.
Анжуманда, матбуот котибларига муносиб иш шароитларини яратиш, босма нашрлар, телевидения ва бошқа ОАВ имкониятларидан самарали фойдаланиб ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш, блогерлар билан ҳамкорликда муаммоларни жойида ҳал қилиш ва бошқа масалалар юзасидан билдирилган таклифлар вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, бундай матбуот анжуманларини вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мунтазам ўтказиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати