DataLife Engine / Хоразм вилояти сифатли таълим мавжудлиги бўйича энг яхши натижаларни кўрсатди

Хоразм вилояти сифатли таълим мавжудлиги бўйича энг яхши натижаларни кўрсатди


Хоразм вилояти сифатли ўрта таълимга эга бўлиш кўрсатгичи бўйича рейтингда вилоятлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Сифатли таълим олиш имконияти тенгсизлиги индекси (Index of Disparity in Access to Quality Secondary Education IDAQSE) “Марказий Осиё мамлакатларидаги таълим тенгсизлигининг янги қирралари: муаммоларни ўлчашдан сиёсатларни ўзгартиш сари” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган. Унинг асосини давлатлар бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор кўрсатгичлар ташкил этади. Ўзбекистон учун кўрсатгичлар уч гуруҳга бўлинади: “таълим шароитлари” , “таълим берувчилар”, “ахборот технологияларидан фойдаланиш имконияти”.  
“Таълим шароитлари” мезони ўқиш уч сменада ташкил қилинган мактаблар, авария ҳолатидаги мактаблар ва ҳожатхоналари ҳовлида жойлашган мактаблар сонидан келиб чиқиб аниқланади.

«Таълим берувчилар» мезони тўртта кўрсатгични қамраб олган: олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши, ҳар бир олий маълумотли ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони, ўқитувчининг ўртача иш ҳақининг минтақадаги ўртача иш ҳақига нисбати ва ўқишни давом эттирган 11 синф битирувчиларнинг улуши. 

“Ахборот технологияларидан фойдаланиш имконияти” кўрсатгичи интернетга чиқиш имконияти бор мактаблар сони, ҳар бир мактаб компьютерига тўғри келадиган ўқувчилар сони, минтақадаги ўртача иш ҳақи ва интернет хизматлари нархи нисбати, минтақадаги ўртача иш ҳақи ва энг арзон ноутбук нархи нисбатига қараб аниқланади.
Учта мезон бўйича Хоразм вилояти 78,5 балл тўплаб рейтингда биринчи ўринга муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни 73,4 балл билан Навоий вилояти, учинчи ўринни 73.1 балл билан Қорақалпоғистон Республикаси эгаллади. 

Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
13-04-2021, 12:26
Вернуться назад