DataLife Engine / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда семинар ўтказилди

Жорий йилнинг 12 апрель куни Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда “Маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий нормалар” мавзусида ҳудудий семинар ўтказилди.

Урганч шаҳрида бўлиб ўтган семинарда Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили, вилоятдаги судьялар, прокуратура, ички ишлар, адвокатлар палатаси, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими органларидан жами 25 нафар вакиллар иштирок этишди.

Тадбирда семинар иштирокчиларига жазони ижро этиш тизимида ҳамда ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари қўлланилишини олдини олиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, маърузачилар Миллий превентив механизмнинг халқаро ҳуқуқий асослари ва уни мамлакатда амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида, ЕХҲТнинг қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларни тақиқлаш билан боғлиқ стандартлари ҳамда ёпиқ турдаги муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати бўйича хориж тажрибаси ўрганилди. МПМнинг халқаро ва Қозоғистон тажрибаси ҳақида иштирокчиларга эксперт Анара Ибраева маълумот берди.


Ўқув семинар давомида иштирокчиларга билим ва кўникмаларининг амалиётда қўлланилиши ҳамда қизиқтираётган бошқа саволларига ҳам жавоблар бериб ўтилди. 

Семинар якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Хоразм вилояти минтақавий вакили (омбудсман) Бектемиров Хамро Солаевичга ташкилотчилар томонидан Ташаккурнома ҳамда сертификат, қолган барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. 

13-04-2021, 11:04
Вернуться назад