DataLife Engine / МУНОСИБ ТУҲФА

МУНОСИБ ТУҲФА


Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, чин маънодаги ватанпарвар, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган буюк саркарда, хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори Жалолиддин Мангуберди  тўғрисида ХIII асрдан то ҳозирги кунга қадар ёзилган китобларнинг сони минг жилддан ортиқни ташкил этадики, шунинг ўзи ҳам унинг шавкатли номи беқиёс шараф ва эҳтиромга лойиқ эканини кўрсатади. Собиқ тузум даврида   Жалолиддин  Мангуберди ҳақидаги ҳақиқат тўғрисида очиқ ёзишга йўл қўйилмади, узоқ ўтмишнинг йиллик қатламларида бу ном гоҳ унутилди, яширин тутилди, тарихини ўрганиш тақиқланди.  

Бугунги кунда   “Жалолиддин Мангуберди” фонди ҳамда   Маънавият ва маърифат марказининг Хоразм вилояти бўлими  томонидан   хоразмшоҳлар давлати тарихи билан боғлиқ юртимиз китобхонларига маълум бўлмаган асарларни таржима ва нашр қилиш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Байҳақийнинг “Тарихи Байҳақий” асарининг Хоразмга тааллуқли қисмлари таржима ва нашр қилинган бўлса, Журжонийнинг “Табоқати Носирий”, Марям Гурбузнинг “Хоразмшоҳларда давлат ташкилоти”, Фуод Купрулузоданинг “Турк адабиётидаги илк мутасаффирлар” сингари асарлари турк, форс, араб тилларидан ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилиш арафасида. Урганч давлат университети тадқиқотчиси Бекзод Абдиримов ва покистонлик Васим Сажжад ҳаммуаллифлигида “Хоразм шери - Жалолиддин Мангуберди” асари ўзбек, урду ва инглиз тилларида нашрга тайёрланмоқда.

Кўп йиллик илмий изланишлар натижаси сифатида яқинда  Бекзод Абдиримовнинг “Хоразмийлар изини излаб...” асари  чоп этилди. Унда VIII-XIII асрларда Евроосиё ҳудудларида кечган сиёсий ва этник жараёнларда хоразмликларнинг ўрни ҳақида сўз юритилади. Яқин кунларда муаллифнинг илмий тадқиқотлари маҳсули бўлган   яна бир китоб - “Икки буюк саркарда: Жалолиддиндан Қутузгача” асари китобхонлар қўлига етиб боради. Унда султон Жалолиддин Мангубердининг сиёсий-ҳарбий фаолияти билан бир қаторда Покистонда амалга оширган бунёдкорлик ишлари ҳақида биз билмаган маълумотлар акс   эттирилади. 

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан жорий  йилнинг октябрь ойида “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусидаги халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Буюк  саркарданинг мислсиз жасорати ва бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу янги асарлар халқаро анжуман олдидан муносиб туҳфа бўлади.

Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 


27-03-2021, 17:11
Вернуться назад