Ўзида гўзал миллий анъаналаримиз, урф-одатларимизни, қадриятларимизни мужассам этган Наврўз байрами вилоятимизда кенг нишонланмоқда.
Наврўз арафасида эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар ва якка ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди. Ҳазорасп туманида 50 нафар болажонларнинг хатна тўйи ўтказиб берилди.
Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозори ҳудудида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг анъанавий савдо ярмаркаси ташкил этилди. Унда деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган кенг турдаги озиқ-овқатлар аҳолига арзон нархларда таклиф этилмоқда.
Наврўз кунлари вилоятда ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилди.
Маҳаллаларда ўтказилаётган халқ сайлларида фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий спорт ўйинлари, дорбозлар томошалари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ташкил қилинган кўргазмалар, баҳорий таомлар билан безатилган байрам дастурхони байрам шукуҳини янада оширди.Вилоятимизда Наврўз шодиёналари давом этмоқда.