Туркиянинг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи “Sure Kuyumcilik” компанияси вилоятимизда олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо тошлардан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ташаббуси билан чиқди. Урганч шаҳрида барпо этиладиган мазкур корхонада уч йил мобайнида босқичма-босқич 400 та янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотни эса ички ва ташқи бозорга сотиш мўлжалланган. Бугун вилоят ҳокимлиги ва “Sure Kuyumcilik” компанияси ўртасида меморандум имзоланди.
- Хоразмнинг буюк тарихи, маданияти, иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлиги Туркиялик инвесторларни бу ҳудудга сармоя киритишга қизиқишини оширмоқда,- дейди хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан шуғулланувчи “JKB HORAZM GROUP” компанияси Бош директори Бурун Дурри.- Келгусида турк инвесторлари билан ҳамкорликда яна бир қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режаларимиз бор.