Хоразм вилояти Боғот туманида “Рақамли технологиялар ўқув маркази” очилиши бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳатарам Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада қатор вазифалар белгиланиб, ишлар олиб борилмоқда.Хусусан 3-ташаббус доирасида Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳоли ва ёшлар учун Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда.
Ушбу ўқув марказларидан бири мана бугун Хоразм вилояти Боғот тумани марказида очилиб, ўз иш фаолиятини бошламоқда.
Ўқув марказини ташкил этиш учун “Ўзбекистон почтаси” АЖ Хоразм филиалига қарашли бўш турган бино танлаб олинди.
Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоев ташаббуси билан ушбу даргоҳ тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Рақамли технологиялар ўқув маркази замонавий компьютер технологиялари, робототехника жиҳозлари, проектор, киберспорт ўйинлари ускуналари ва бошқа энг сўнги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланди. Қисқача қилиб айтганда ўқув марказида аҳоли ва ёшларнинг замонавий ахборот технологиялари соҳасида билим эгаллашлари ҳамда малакасини оширишлари учун зарур бўлган барча шарт-шароилар яратилди.
Келгусида туман ёшлари ушбу ўқув марказида ахборот технологиялари, дастурлаш соҳаларида инновацион ишланмалар яратиш, старт-ап лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадилар.
Шу билан биргаликда ўқув марказида корхона ва ташкилотлар ходимларини замонавий ахборот технологиялари соҳасида малакасини ошириш режалаштирилган. Ўқув марказида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, интернетдан фойдаланиш, киберспорт йўналишларида тўгараклар ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ўқув курслари ташкил этилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда Бирлашган Араб амирликлари билан ҳамкорликда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳудудларда ташкил этилаётган Рақамли технологиялар ўқув марказлари ёшларни «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасида фаол ва самарали иштирок этишларида кўмакдош бўлади. Шунингдек ушбу “Рақамли технологиялар ўқув маркази” ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш орқали ўз истедодларини тўлиқ ва ҳар томонлама намойиш этишлари ва орзу истакларини рўёбга чиқаришларига имкон беради.
Мазкур ўқув маркази Боғот тумани ёшлари учун муносиб туҳфа бўлиб, келгусида ёшларнинг қадрдон масканларига айланишидан Боғотликлар рози бўлиб, самимий хурсандчиликларини изҳор қилмоқдалар.