Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ўтган даврда барча соҳалар қатори энергетика йўналишида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида чекка-чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини ташвишга солаётган муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда.
Бугун фойдаланишга топширилган Боғот туман электр таъминоти корхонасининг янги биносини ҳам, ҳеч муболағасиз, ана шу мустақиллигимиз, қолаверса соҳада эришилаётган ижобий ютуқларимиз натижаси, деб бемалол айтиш мумкин.
Лойиҳа қиймати 2,46 млрд сўм бўлган мазкур бино қурилишида сўнгги турдаги замонавий қурилиш материаллари, хусусан, маиший коммуникацияларни ўтказишда энергиятежамкор технологиялардан кенг фойдаланилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шунингдек, бу ерда асосий бинодан ташқари ўқув майдони, машиналар турар жойи ҳамда омборхоналарда барча зарур шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилган.
Янги бино очилишига бағишланган тадбир карнай-сурнай садолари янграши ҳамда фахрий отахонлардан оқ фотиҳа олиш билан бошланди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқарув раисининг Капитал қурилиш бўйича ўринбосари Дилшод Носиров тадбирда сўз олар экан, қурилиш жараёнлари пухта режа асосида ишлаб чиқилганига атрофлича тўхталиб ўтди.
Янги мажмуада яратилган шароитлар, мавжуд техник ва технологик ускуналар имконияти, қолаверса муҳандис-техник ва ишчи-ходимлар, корхона мутахассисларини ўқитиш, оператив-диспетчерлик хизмати томонидан амалга ошириладиган энергия таъминотининг автоматлаштирилган бошқарув тизими, маънавият ва маърифат каби хоналар иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, – деди у. – Шу билан бирга, бу ерда истеъмолчиларни қабул қилиш хонаси, касса хизматлари ва бошқа хизмат турлари кўрсатиш учун керакли барча шароитлар яратилган. Умид қиламанки, бундай яратилган шароитлар Боғот тумани аҳлига узоқ йиллар давомида хизмат қилади.
Маълумот ўрнида: бугун Боғот тумани ҳудудида жойлашган жами 43 та маҳалла, 30409 та маиший ва 1421 та улгуржи электр энергияси истеъмолчиларига корхонанинг 65 та ишчи-ходими хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, улар томонидан тумандаги 4 та нимстанция, 43 та фидер, 1259,634 км узунликдаги электр узатиш тармоқларида эксплуатация ишлари олиб борилади.
Тадбирда вилоят ҳокими Ф. Эрманов қатнашди ва сўзга чиқди.