DataLife Engine / Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

                                 Ўзбекистон Республикаси Президентининг
                                                       қ а р о р и
Хоразм вилоятининг мавжуд саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, ҳудудга инвестицияларни кенг жалб этиш ва инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда бу орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖнинг “NBU Invest Group” МЧЖ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг “PSB Capital” МЧЖ ҳамда “Асака” АТБнинг “Asaka Capital Invest” МЧЖ инвестиция компаниялари таъсисчилигида “Khorezm Invest Project” МЧЖ инвестиция компанияси (кейинги ўринларда – инвестиция компанияси) ташкил этилганлиги;
Хоразм вилоятидаги инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш инвестиция компаниясининг асосий вазифаси этиб белгиланганлиги;
инвестиция компаниясининг устав фонди дастлаб 30 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида шакллантирилганлиги, кейинчалик инвестиция компаниясининг устав фонди инвестиция компанияси таъсисчиларининг қўшимча ҳиссалари ва (ёки) жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоригача кўпайтирилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Хоразм вилоятида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 84 та инвестиция лойиҳасининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Хоразм вилоятида амалга ошириладиган умумий қиймати 516,8 миллион долларлик 26 та истиқболли инвестиция лойиҳасининг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази:
уч ой муддатда қарорнинг 2-иловасидаги истиқболли 26 та йирик инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаларини халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқсин;
Хоразм вилоятининг туман ва шаҳарларига белгиланган тартибда бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳаларига хорижий инвестициялар жалб қилинишини таъминласин;
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тегишли тармоқ корхоналари билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар истиқболли 26 та йирик инвестиция лойиҳаси билан бир вақтда Хоразм вилоятининг ҳар бир туманида қўшимча янги саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилишини таъминласин.
4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг:
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган бўш турган ер участкалари ҳисобидан кенгайтирилаётган ҳудудларини 3-иловага мувофиқ тасдиқлаш;
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудлари бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК” давлат унитар корхонасини буюртмачи этиб белгилаш;
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилотини танлов асосида танлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
5. “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасига Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари 4-иловага мувофиқ бириктирилсин.
Мазкур қарорнинг 4-иловасига мувофиқ “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг бўш ер майдонларига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Франция, Испания, Италия, Латвия, Польша ва Туркия давлатларидаги элчихоналари Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш чораларини кўрсин.
6. Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан Инфратузилма жамғармаси ташкил этилсин ва қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
давлат, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари томонидан ажратиладиган грант ва кредит маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилансинки, Инфратузилма жамғармаси маблағлари “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида инфратузилма қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади.
7. Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик йўналишлари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқсин ва ушбу лойиҳаларни амалга оширишни тадбиркорларга таклиф этсин.
8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб экспорт қатновларда Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этсин.
9. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
а) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич жойлаштириш чораларини кўрсин;
б) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда:
Хоразм вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг тадбиркорлик субъектларига мунтазам равишда етказилишини таъминласин;
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектлари жалб этилиши ҳамда инвестиция буюртманомаларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминласин;
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича тегишли чораларни кўрсин;
в) Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши билан келишган ҳолда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси Дирекцияси” ДУКга келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
10. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвестиция компаниясига 10 йил муддатга 2,5 фоиз ставкасида 13 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағлар ажратилсин.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастури 5-иловага мувофиқ ушбу бандга асосан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилсин.
11. Белгилансинки, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларни сўндиришда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш харажатлари тегишли равишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари томонидан мутаносиб равишда ажратилган ер майдони кўламидан келиб чиқиб босқичма-босқич қопланади, сўндириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда инвестиция компанияси томонидан қайтарилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Н.Қ.Холмурадов ва Хоразм вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Ш.О.Тўлаганов Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ўз муддатида қайтарилиши учун масъулдирлар.
12. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, “Асака” АТБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Марказий банк билан биргаликда инвестиция компаниясининг низоми ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
13. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари –инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков – қарор ижросини тармоқ ва ҳудудларда самарали ташкил этсин ҳамда мувофиқлаштириб борсин;
ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Н.Арзиев – Хоразм вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига чет эл инвесторларининг жалб қилиниши, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминласин;
транспорт вазири ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Х.Н.Хасилов – Хоразм вилоятидан республиканинг бошқа ҳудудларига темир йўл транспорти орқали юк ташиш хизматлари бўйича муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилишини таъминласин;
инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов – Хоразм вилоятининг ҳар бир тумани кесимида амалга оширилаётган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида бажарилиши ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини таъминласин;
Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрманов – ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат корхоналари ва янгидан барпо этилаётган ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрда ва 2021 йилнинг ҳар чораги якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2020 йил 17 август
17-08-2020, 10:50
Вернуться назад