DataLife Engine / МЕҲНАТСЕВАРЛИК - ФАРОВОН ТУРМУШ АСОСИ

МЕҲНАТСЕВАРЛИК - ФАРОВОН ТУРМУШ АСОСИ

   Бугунги кунда бутун дунёни пандемия жиддий хавотирга солаётган бўлса-да, ҳаёт давом этмоқда ва вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Ҳазорасп туманида ҳам жорий йилда барча соҳалар сингари қишлоқ хўжалигида ҳам кўзланган мақсадларга эришиш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
   Жумладан, ердан унумли фойдаланганнинг ишида унум, хонадонида тўқчилик, барака бўлади, деганларидек туманимизда ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Фермерларимиз далаларда миллий бойлигимиз пахта экиш билан бирга, рўзғор учун зарур маҳсулотлар сабзавот ҳамда полиз экинларини ҳам етиштириб, дастурхонимиз тўкинлигига ҳисса қўшмоқдалар.
Туманимизнинг “Қовунчи” маҳалласи бу борада ҳар йили жонкуярлик билан фаолият олиб бориб, маҳалла аҳлининг меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради. Жумладан, ташрифимиз чоғида қишлоқ хўжалиги экинларининг ям-яшилликка бурканиб, ўзгача тароват таратаётганини ва пандемия даври бўлишига қарамасдан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ернинг бир қаричини ҳам бекор қолдирмасдан экин эккан ва айни кунларда меҳнатлари самарасини кўраётган маҳалла аҳлини кўриб хурсанд бўлиб кетасан. Қисқаси, бу маҳалла аҳлининг барчаси изланишда ва фойдали меҳнат билан банд. Кузатсангиз кимдир ўз томорқасида иш қилаётган, яна кимдир қийғос очилаётган пахталарни кузатаётган, яна кимдир етиштирган полиз экинларини узиб бозорга олиб чиқишга тараддуд кўраётганлигини кўриб,  хурсанд бўласиз.    Маҳалла далаларини кузатар эканмиз, оппоқ бўлиб очилаётган пахталар билан гўёки суҳбатлашаётган фуқаро эътиборимизни тортди ва уларни суҳбатга тортдик.
- Мен, “Рейимбой Нуржон” фермер хўжалиги раҳбари Нодир Жуманиёзовнинг отаси Рейимбой Жуманиёзовман. Ҳар куни пахта далаларини кўздан кечириб, бир айланиб кетмасам кўнглим тўлмайди. Фермер хўжалигимиз майдони жами 89 гектарни ташкил этади. Шундан 49 гектари пахтага, 37 гектари ғалла экишга мўлжалланган. Бундан ташқари, бу йил асосий майдонларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпроқ экишга аҳамият қаратдик.
   Халқимиз бошидаги ана шундай синовли кунларда рўзғорга асқотадиган картошка, сабзи, қовун, тарвуз ва бошқа сабзовотларнинг мўл-кўллиги арзончилик, бозорларимиз тўкин бўлишига ҳисса қўшади. Шунга кўра, 1,1 гектар ерга қовуннинг “Гурвак” ва “Сурхон” навларини экдик.  2 нафар ишчимиз бор эди. Пандемия даврида 14 нафар фуқаронинг жамоатчилик асосида бандлигини таъминладик. Ниятимиз катта. Пахтадан ҳам мўл ҳосил олиш. Ҳозирда кўриб турганингиздек, пахталар очила бошлаган.
   Дарҳақиқат, томорқа қолаверса ер - даромад манбаи. Ундан самарали фойдаланиш эса рўзғор бутлигини таъминловчи омиллардан бири ҳисобланади. Шундай экан, ҳар биримиз ўз экин майдонларимиздан тўғри фойдалансак, албатта оила бюджетимизнинг ошишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
 
10-08-2020, 12:57
Вернуться назад