DataLife Engine / Тизим адолатли йўлга қўйилса, халқ фаровонлигига хизмат қилади

Тизим адолатли йўлга қўйилса, халқ фаровонлигига хизмат қилади

Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди. 

Ш.Мирзиёев


Республикамизда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш масаласи борасида кейинги йилларда қатор чоралар кўрилмоқда. Давлат раҳбарининг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан 2020 йил апрель ойидан бошлаб синов – тажриба тариқасида Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Янгибозор ва Янгиариқ туманлари ҳокимликлари раҳбарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида мунтазам баҳолаб бориш амалиёти жорий этилди. Шу асосда мазкур туманларнинг ҳоким ўринбосарлари учун алоҳида тартибда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари – баҳолаш индикаторлари белгиланди. Самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқишда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ваколатли орган сифатида белгиланди. Мазкур амалиётнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки биз юқорида келтирган Корея тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий давлат ҳокимиятини ташкил этиш билан боғлиқ амалдаги нормалардан фарқли равишда, мазкур туманлар раҳбар ходимларининг моддий таъминот масаласи уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ҳолатига қараб белгиланадиган бўлди. Бу эса албатта натижавий бошқарувнинг муҳим омилларидан саналади. 

Ўзи самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичи нима?

Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичи (Key Performance Indicators, KPI)  бу  стратегик ва тактик мақсадларга эришишда ёрдам берувчи тегишли фаолият кўрсаткичлар ҳисобланади.  Бундай кўрсаткичлардан фойдаланиш давлат хизматида  ўз ҳолатини  таҳлил қилиш имкониятини тақдим этди ва стратегик вазифаларни амалга оширишни баҳолашда ёрдам беради.

Бошқача айтганда, бу кўрсаткич ютуқлар даражаси ва унга эришиш учун қилинган харажатлар даражасини ўзида акс эттирувчи фаолият натижадорлигининг муҳим кўрсаткичидир.

Давлат бошқарувидаги KPI асосида жорий этиладиган амалиёт бошқарув кадрлари тизимини ташкил этиш билан боғлиқ бир қанча муаммоли масалаларни олдимизга қўймоқда. 

Биринчидан, KPI индикаторларини ишлаб чиқишда аниқ, реал ва объектив талаблар белгилаш масаласи. Масалан туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишдар бўйича ўринбосарлари учун белгиланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари сифатида ёшлар бандлиги кўрсатилган. Ижро ҳокимияти тизимида эса бандлик органлари фаолиятини мувофиқлаштириш молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосар ваколатида туради. Шунга ўхшаш ваколатлар ва мажбуриятлар белгиланишида муаммоли вазиятлар келтириб чиқармайдиган аниқ, тизимли индикаторларнинг белгиланиши тегишли раҳбар фаолиятини ҳам самарадорлик кўрсаткичларини ошишига, ҳамда реал ва объектив баҳолаб борилишга имкон беради. 

Иккинчидан, баҳолаш индикаторларини белгилашда ҳудудларнинг индивидуал ҳусусиятларини инобатга олиш зарур. Булар демографик, этник, диний, ижтимоий, иқтисодий ва ҳоказо. Бунда республикамизнинг кўп миллатли эканлиги, туманларни иқтисодий ихтисослашуви ва аҳолининг тирикчилик манбаининг бир – биридан фарқланиши, ижтимоий ҳарактернинг хилма-хиллиги кабилар инобатга олиниши зарур. Мисол учун Хива шаҳри билан Янгибозор тумани, житимоий-иқтисодий шароити, ери, аҳоли сони ва бошқа шароити турлича. Ўз ўзидан бу ҳудудларнинг бошқарув кадрлари фаолиятига ҳам турлича ёндашув зарур бўлади. 

Учинчидан, бошқарув кадрлари фаолиятига прогноз кўрсаткичлар белгилашда хам реал ва ҳаққонийликка алоҳида эътибор зарур бўлади. Бунда албатта  худуд имкониятлари билан бирга, умумдавлат ва глобал миқёсдаги жараёнлар хам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқдир. Масалан бутун дунё пандемияга қарши кураш чораси сифатида таълим муассалари фаолиятига чекловлар ўрнатаётган пайтда таълим кўрсаткичларини кескин оширишга талаб қўйиб бўлмайди. 

Шуни таъкидлаш жоизки бугунги тезкор ахборот ва глобаллашув даврида кадрлар захираси хусусан бошқарув кадрлари тизимида KPI механизмини тўғри қўллаш,   кутилаётган натижага эришишда, давлат ва жамиятнинг ривожланишида ижобий самара беради.  Жорий қилинаётган баҳолаш тизими бугунги янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари босқичида сув ва ҳаводек зарурдир. Чунки давлат ривожида малакали ва профессионал кадрларнинг ўрни беқиёс. Баҳолаш тизими ҳам йўлга қўйилар. Лекин уни шаффоф ишлаши сизу бизнинг қўлимизда. Тизим қанчалик адолатли йўлга қўйилса, бу фақат ва фақат халқ фаровонлигига хизмат қилишини унутмаслик даркор! 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали

25-07-2020, 12:41
Вернуться назад