DataLife Engine / Хоразм вилоятида лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхоналар барпо этилмоқда

Хоразм вилоятида лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхоналар барпо этилмоқда

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида Президентимизнинг 2020 йил 19 февралдаги “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Ушбу соҳани ривожлантиришга “Турон банк” лойиҳа координатори этиб белгиланди. Банк томонидан Қўшкўпир тумани “Довуд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 21,8 гектар ер майдонида 26 млрд.сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилиб, лимончилик иссиқхонаси қуриш режалаштирилган.
Анашу ҳудудда лимончилик иссиқхоналари қурилиши олдидан туман ҳокимлиги, ташаббускор тадбиркорлар, барча МФЙ раислари иштирокида семинар бўлиб ўтди.  Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов иштирок этди.

– Лойиҳалар шундай ижабий натижасини кўрсатиши керакки, бу орқали аҳолининг камбағал қатламини камбағалчиликдан чиқишига замин яратишимиз керак,-дейди вилоят ҳокими Ф.Эрманов.- Агар биз вилоят, туман миқёсида ушбу қарорнинг ижросини ўз вақтида мукаммал тарзда таъминлай олсак, аҳоли иқтисодий томондан юксалишидан ташқари, камбағал оила сифатида рўйхатда турганлар сонини ҳам кескин камайтиришга эришамиз. Шундагина аҳоли фаровонлиги ошади, эҳтиёжини ўзи таъминлай олади.
Аҳолига молиявий хизматларни кўрсатиш сифатини янада ошириш ва мижозларга қулайлик яратишда эса АТБ “Турон банк” бошқарув раиси Чори Мирзаевнинг ташаббуси каттадир.Семинар давомида вилоят иссиқхоначиликни ривожлантириш ассоциацияси  раҳбари Ғолиб Раҳимов иссиқхонанинг қурилиш технологияси бўйича тақдимот ўтказди. Яъни, лойиҳа афзалликлари ҳақида гапириб ўтди.
Унга асосан лойиҳа ягона комплекс шаклида ташкил қилиниб, иссиқхона қурилишида 100 фоиз маҳаллий бутловчи қисмлардан фойдаланилади. Иссиқхоналар маҳаллий қурувчилар томонидан барпо этилади ва етиштирилган маҳсулотлар логистикаси (инфраструктураси) қулай бўлади. Лойиҳа негизида лимончилик кластери ташкил этган ҳолда лимон маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш фаолияти йўлга қўйилади. Вилоятда мавжуд кичик лимончилик хўжаликларини жалб этган ҳолда лимон маҳсулотларини экспортга йўналтирилиши таъминланади.
 Шунингдек, семинар давомида “Файз барака” МЧЖ раҳбари, лимончилик бўйича мутахассис Шокир Худайбергановнинг ҳам тақдимоти эшитилди.
        Эндиликда ушбу иссиқхонада фақатгина лимон эмас, балки ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланган ҳолда қулупнай етиштириш ҳам кенг йўлга қўйилади.

2-07-2020, 17:17
Вернуться назад