DataLife Engine / Оромгоҳлар мавсумга шай

Оромгоҳлар мавсумга шай

   Урганч туманида жойлашган "Оби ҳаёт" болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи 1974 йилда ташкил топган бўлиб, 2009 йилдан кейин фаолияти тўхтатилган эди. Мазкур соғломлаштириш оромгоҳи Ф.Эрманов ташаббуси билан қайта таъмирланиб, фаолият юритиши учун тайёр ҳолатга келтирилди. Оромгоҳнинг бугунги кундаги умумий қуввати 320 нафар ўқувчи бўлиб, 4 сменада ташкил қилиниши режалаштирилган. Оромгоҳда 5 та - Аҳил-иноқ, Парвоз, Қувноқлар, Билағон, Камалак гуруҳлари ташкил қилинган.
  Бугун мазкур оромгоҳда вилоят ҳокими раҳбарлигида 2020 йил вилоятдаги оромгоҳларни ёз мавсумига тайёрлаш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

  Жорий ёзги соғломлаштириш мавсумида  Хоразм вилоятида 18 стационар оромгоҳ мавсумга шай қилиб қўйилди. Уларда 4 мингдан ортиқ бола ҳордиқ чиқариши режалаштирилган Мазкур оромгоҳларнинг 7 таси халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари, 3 таси вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги спорт таълим муасссалари, 3 таси касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасалари, 2 таси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги соғломлаштириш оромгоҳлари, 1 таси “Урганч трансгаз” унитар корхонаси, 1 таси “Хоразм электр тармоқлари” АЖ тасарруфида ва 1 таси Урганч тумани ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги оромгоҳлар саналади.
   Вилоятдаги бошқармалар, идоралар ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур масканларни мавсумга тайёрлаш, юқори малакали педагог-кадрлар, тажрибали мураббийлар, тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, болалар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Оромгоҳларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти, санитария-гигиена ва ёнғинга қарши кураш қоидаларига қатъий риоя қилиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди. 
   Ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ҳар бир оромгоҳда кутубхона ташкил этилиб, бадиий адабиётлар, эртак китоблар билан таъминланди. Бу ерда болалар  газеталари ва журналларининг янги сонлари билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлади.

  Семинарда вилоят ҳокими болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оромгоҳларда ўтказиладиган ҳар бир кун таассуротларга бой бўлишини таъминлаш, кўнгилочар дастурлар, китоблар кўргазмаси, спорт ва бадиий танловлар уюштириш, тўгараклар фаолиятини карантин қоидаларига қатъий риоят қилган ҳолда йўлга қўйиш юзасидан зарур топшириқлар берди.  Оромгоҳларнинг фаолияти Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни aмалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2020 йил 26 майдаги 1-сон мажлис баёни асосида (Болалар ёзги оромгоҳларининг карантин даврида фаолиятини ташкил этиш борасидаги талаблар доирасида) йўлга қўйилади. 
30-05-2020, 19:14
Вернуться назад