Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Мазкур масала юзасидан ижтимоий тармоқларда турли хилдаги фикрлар билдирмоқда. Тўғри, билдирилаётган фикрлар мақола муаллифларининг шахсий фикрлари ҳисобланади. Аммо муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси ваҳима кўтарадиган даражадаги нарса эмас. Унда мамлакатда қабул қилинадиган ҳар қандай қонун, қарор, фармойиш ва бошқа ҳужжатлар давлат тилида расмийлаштирилиши, акс ҳолда, уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутиляпти. Ўзбекистонда “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 30 йилдан ошган бўлса, ушбу қонуннинг ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан нима учун маъмурий жазо қўлланилмаслиги керак? Масалан, чорраҳанинг қизил чироғида ўтган ҳайдовчига нисбатан қанча миқдорда жарима белгиланса ҳам, ушбу ҳайдовчи жаримани тўлайдику, демак, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижроси таъминланмадими? Унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиши шарт. Қолаверса, унда мамлакатда қабул қилинадиган ҳар қандай ҳужжат, дастлаб, давлат тилида расмийлаштирилиши кўзда тутилган. Ваҳоланки, давлатимизда истиқомат қилаётган фуқароларнинг 85%идан ортиғи ўзбек тилида мулоқот қилувчи фуқароларни ташкил қилса, улар рус тилини талаб даражасида билишмаса, ушбу ҳужжат амалиётга қандай жорий қилинади? Қолаверса, ушбу ҳужжатлар ким учун қабул қилинаяпти? Улар оддий халқнинг манфаатини кўзлаган ҳолда қабул қилиняптими?
Ижтимоий тармоқларда, ҳаттоки, Ўзбекистонда рус тилига жарима солиш, Пушкин тилини йўқотиш қабилидаги фикрлар ҳам пайдо бўла бошланди. Бу ерда ҳеч ким рус тилига жарима солиш ёки Пушкин тилини йўқотишга ҳаракат қилаётгани йўқ, фақатгина Ўзбекистонда қабул қилинадиган ҳар қандай қонун, қарор, фармойиш ва бошқа ҳужжатлар давлат тилида бўлиши кераклиги уқтириляпти.
Бундан ташқари, нафақат давлат миқёсидаги расмий ҳужжат, балки қонунларга зид ёзувлар, ажнабий сўзларни нима учун биз реклама қилишимиз керак? Биз, аслида, кимлар учун хизмат қилаяпмиз? Раҳматли тилшунос А.Нурманов журналистларга берган интервьюларидан бирида шундай деган эдилар: “Шаҳар марказининг пештоқларида турли хилдаги ёзувлар, ажнабий сўзлар билан битилган лавҳаларни кўриб, ёқангни ушлайсан, шаҳардаги ҳар қандай ёзувлар ўша шаҳар аҳолисининг нима билан нафас олаётганидан далолат беради, ўзининг чуқур тарихга эга бўлган миллий тили бўла туриб, ўзгаларнинг тилини реклама қиладиганларга ўзингиз баҳо бераверинг”.
Шундай экан, бизда аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос-ўзимизнинг миллий тилимиз бор, биз унга бўлган муҳаббатни ҳис қилган ҳолда уни эъзозлаш, асраш, авайлаш, турли хуружлардан сақлаш, қадрлаш, уни ҳурмат қилиш ва ўз Ватанини севиш каби хусусиятларни шакллантиришда давом этиб, унга ғамхўрлик қилиб, уни келгуси авлодимизга бекаму кўст етказишимиз керак. Бу бизнинг пировард мақсадимиздир.
Хоразм вилояти ҳокимининг маънавий,
маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш масалалари
бўйича маслаҳатчиси Равшан Худойберганов,