DataLife Engine / Бу уйда иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшарди…

Бу уйда иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшарди…

    Хива шаҳри “Гулирайхон” маҳалласи, “Мафтункор” кўчаси 71-уй. Менга қадрдон бўлган ушбу хонадоннинг табаррук остонасидан ҳатламай туриб, дарвоза тепасидаги пештахтага битилган ёзув – “Бу уйда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди”, деган шарафли жумлани ўқиганимда ҳар сафар ғурурим ортарди, кўнглим тоғдек юксаларди.

   Ҳа, мана шу мунаввар хонадонда бир пайтлар тинчлик учун кўксини қалқон қилган, фашизмга қарши мардона курашганлар сафида турган раҳматли бобом – Машариф Қурёзов истиқомат қиларди.

   Соғинч ўртаб, дийдор илинжида ҳузурларига келганимда, эшикдан киришим билан мени қучоқ очиб кутиб олишларини бугун гўзал хотиралар билан эслайман. Энди у орамизда йўқ. Машариф Қурёзов 2019 йилнинг баҳорида 94 ёшида вафот этди. Бобомнинг ўлмас хотираларини ёдга оламан. Ҳар сафар дилдан суҳбатлашганимда, уруш йилларини шундай эслардилар:

– 1943 йилда, 18 ёшимда юрт ҳимоясига отландим. Украина, Руминиянинг шаҳар ва қишлоқларини босқинчилардан озод қилишда қатнашдим. Кўплаб қонли тўқнашувларга гувоҳ бўлдим. Яқин дўстларимдан, қадрдонларимдан айрилдим. Чап қўлимга ўқ тегиб, оғир яраландим. Минг шукурки, омон қолдим...”

   Кўргани – қирғинбарот, ўтли суронлар акс садоси, изтироблари бобомни ҳар доим тинчликнинг қадрига етиб яшашга ундаб келган. Узоқ йиллар давомида ўқитувчилик қилган бу инсон халқ учун яшаш, унинг саодати, келажаги учун курашиш мард йигитнинг бурчидир, у мўътабар оналарнинг, ҳаётга ташна болажонларнинг ҳимоячиси бўлмоғи керак, дея уқтирардилар ҳар гал. Набираларини атрофига чорлаб, ана шундай ўгит берардилар.

   Аслида ватанпарварлик тарбиясининг бешиги оиладир, у ўзаро бир-бировга меҳр-муҳаббат, ҳурматдан бошланади. Бир пайтлари ҳаётнинг оғир синовларидан ўзи учун улкан сабоқ чиқариб олган бобомнинг ўткир тафаккури меваси – хотирамга мангу муҳрланган бебаҳо насиҳатлари она туроқни севишга, жон қадар асрашга ўргатарди.

   Бугун юртдошларимиз қалбидаги ватанпарварлик туйғуси уларни мамлакат тараққиёти учун ситқидилдан меҳнат қилиб, фидойи инсон бўлиб яшашга ундамоқда. Юрт тинчлиги, унинг равнақи йўлидаги жонкуярлик кишидан мустаҳкам ирода, матонат талаб қилади.

Гулноза УМИРОВА,
журналист
 
6-05-2020, 13:32
Вернуться назад