Хоразм вилоятининг энг олис ҳудудида жойлашган Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманларидаги барча маҳаллаларда кўчма дўконлар савдоси ташкил этилиб, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига узлуксиз етказиб берилмоқда.
Маълумки, қишлоқ ҳудудларида нон маҳсулотлари дўконлари бўлмагани боис унга талаб юқори бўлади. Шу боис туман қишлоқларига кўчма дўконлар орқали ун сотувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги йиғилиши қарорига асосан карантин даврида аҳолига етказиб бериладиган ун маҳсулотларини тадбиркорлик субъектлари биржа савдолари орқали эмас, балки донни қайта ишлаш корхоналаридан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиш тартибининг белгилангани туфайли ушбу маҳсулот таъминоти янада яхшиланди, – дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими бошлиғи Учқун Мадраҳимов. – Ушбу тартиб жорий этилгандан буён туман қишлоқларга белгиланган жадвал режа асосида ун етказиб бериш йўлга қўйилди. Апрел ойининг ўзида шу усулда қишлоқларга 200 тоннадан ортиқ ун етказиб берилди.
Кўчма дўконлар қишлоқларга бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда. Шунингдек, рамазон ойида кўчма дўконларда хурмо, нишолда, печак, қаймоқ каби ширинликлар ҳам сотилиши йўлга қўйилган. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ун ва бошқа маҳсулотлар нархининг ошишига йўл қўймаслик мақсадида доимий назорат олиб борилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси