Ассалому алайкум, қадрли қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, соҳа фахрийлари!
Аввало, бугунги қутлуғ айём – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан сизларни, сизларнинг тимсолингизда соҳада ҳалол меҳнат қилиб келаётган барча элдошларимизни чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсизлар!
Ушбу шодиёна кунда Янги Ўзбекистон равнақи йўлида тун-у кун меҳнат қилиб, қадоқ қўли билан элимизнинг ризқу-насибасини яратаётган деҳқон ва фермерлар, боғбон ва иссиқхоначилар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчи ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерлар ишчи-ходимлари, соҳанинг жонкуяр мутахассисларига, ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан яқиндан ёрдам бериб келаётган фахрийларимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор қилиб, самимий миннатдорчилик билдираман.
Қадрли дўстлар!
Барчамизга маълум, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, шу билан бирга ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, муҳим стратегик ва меҳнати жуда оғир бўлган тармоғи ҳисобланади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда мазкур соҳа етакчи ўрин тутади. Ана шундай залворли юкни ўз елкасига олиб, эл-юрт дастурхони тўкинлиги йўлида астойдил меҳнат қилиб келаётган сизлар каби элдошларимизнинг матонатини ҳар қанча эътироф қилсак оз.
Бугунги шодиёна кунда сизларни байрам билан муборакбод этар эканмиз, соҳада жорий йилда эришилган натижалар ва келгуси йил режалари ҳақида тўхталишимиз табиий албатта.
Бу йил вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида муваффақиятли якунланмоқда. Албатта, бу ютуқлар замирида соҳа ходимларининг йил ўн икки ой давом этган заҳматли меҳнатлари, изланишлари ётибди. Деҳқончиликда йил йилга ўхшамайди. Бу йил Яратганнинг инояти билан об-ҳаво деҳқончилик учун жуда қулай келди, дарёмизда сув ҳам етарли даражада бўлди. Деҳқон ва фермерларимиз яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, кўп йиллик тажрибаларига таяниб қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирдилар.
Бу йил вилоятимиз бўйича 326 минг тонна пахта, 388 минг тонна дон, 2157 тонна пилла, 954 минг тоннадан ортиқ мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилгани деҳқонларимизнинг йил бўйи қилинган машаққатли меҳнатлари самарасидир.
Бугун соҳа илғорлари ҳақида сўз кетганда пахтачиликда ҳар гектаридан 50-55 центнердан юқори ҳосил олган Боғот туманидаги “Холмурод ўғли Мансур”, “Берди Баҳодир Ҳамро”, Гурлан туманидаги “Жахонгир Садиевич” , Қўшкўпир туманидаги “Абдулла ота”, Урганч туманидаги “Давлат Раҳматулла”, Ҳазорасп туманидаги “Рашидбек Аслбек Мирзо”, Хонқа туманидаги “Султонбой Хонимжон”, Хива туманидаги “Машариф ўғли Собир”, Шовот туманидаги “Нурилла Пирнафас”, Янгиариқ туманидаги “Жасурбек Қудратбек” ва “Хушнудбек”, Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри”, Тупроққалъа туманидаги “Омонгалди дарға” каби фермер хўжаликларининг номларини фахр билан тилга оламиз.
Аграр соҳанинг яна бир муҳим тармоғи – ғаллачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилда ўтган йилга нисбатан 25 минг тонна кўп ғалла етиштирилди. Ўртача ҳосилдорлик ўтган йил 69,4 центнерни ташкил этган бўлса, бу йил 73 центнерга етди. Бундай улкан хирмонни яратишга салмоқли ҳисса қўшган Боғот туманидаги “Умид Машариф”, “Ёқуб бобо ўғли Омон”, Гурлан туманидаги “Нурмон бобо”, “Ихлосбек”,
Қўшкўпир туманидаги “Мақсад Ўртаёпли”, “Ҳамроҳ”, Урганч туманидаги “Ражаб ота Жуманов”,” “Иброҳим - Фарида”, Ҳазорасп туманидаги “Мискинободлик Диёр”,, Хонқа туманидаги “Қадамбой Бакиев”, Хива туманидаги “Мадрим ўғли Пиржон”, Шовот туманидаги “Бўзқалъа ёғдуси”, Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри”, Тупроққалъа туманидаги “Омонгалди дарға” каби фермер хўжаликлари барчага намуна бўлдилар.
Ҳурматли соҳа вакиллари!
Сўнгги йилларда вилоятимизда 418гектар майдонда замонавий типдаги иссиқхоналар ташкил этилиб, қишлоқ аҳолиси учун қўшимча иш ўринлари яратилди. Жорий йилда 500 гектар майдонда янги боғлар ташкил қилинди, 12 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари “Е-аукцион” тизими орқали деҳқончилик қилиш учун аҳолига узоқ муддатга ижарага берилди. Натижада мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари ялпи ҳосили сезиларли даражада ошди, ички бозор эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда, экспорт имкониятлари кенгайди.
Бугунги қутлуғ айёмда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилган кенг кўламдаги ишларни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли албатта. Жорий йилда вилоятда барча дастурлар доирасида 1810 км узунликда ирригация ва мелиорация тармоқлари реконструкция қилинди ва тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди, 167 та сув иншоотлари янгидан қурилди ва таъмирланди. Натижада вилоятдаги жами 17 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ҳамда 35 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Реконструкция қилинган каналларнинг фойдали иш коэффициенти 95 фоизгача ошди, йилига 300 млн метр куб сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилди. Шунингдек, 2023 йилда қарийб 42 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий қилинди, 36 минг гектар майдонларда лазер текислаш ишлари бажарилди.
Натижада қишлоқ хўжалиги экинларини кафолатли сув билан таъминлаш имконияти яратилди. Бугунги кунда ҳам сувчилармиз, фермер хўжаликлари раҳбарлари сувни тежаш мақсадида ички ариқларни бетонлаштириш ишларини жадал суръатда давом эттирмоқдалар.
Қадрли дўстлар!
Бугун вилоятимиздаги барча агрокластерларда, фермер хўжаликларида келгуси йил ҳосили учун пухта тараддуд кўрилмоқда. Қишки дала юмушлари ўз муддатларида бажарилиб, улкан хирмонларга мустаҳкам замин яратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Хоразм деҳқонининг машаққатли меҳнатини қадрлаб: “Ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ, ерлари кучли шўрланган бу ҳудудда мўл ҳосил ундириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди”, -деб юксак баҳо берган эди. Воҳамиз миришкорлари давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаб, олдимизда турган масъулиятли вазифаларни бажаришда елкама-елка туриб, бир тану бир жон бўлиб, бор малака ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва салоҳиятини сафарбар этишларига ишонаман.
Сизларни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман. Яқинлашиб келаётган янги – 2024 йил барчамиз учун омадли, деҳқонларимизнинг ҳосиллари янада сарбаланд, халқимиз дастурхони янада тўкин бўладиган хайрли йил бўлиб келсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!