DataLife Engine / Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимовнинг “Сўнгги қўнғироқ” тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимовнинг “Сўнгги қўнғироқ” тадбиридаги ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум қадрли устозлар, ҳурматли ота-оналар, азиз ўқувчилар!

      Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби, вилоятимиздаги 555 та умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳам жорий ўқув йили якунланиб, “Сўнгги қўнғироқ” садолари жарангламоқда. Ушбу ўқув йили вилоятимизда мактаб таълимини ривожлантиришда ўзига хос ютуқларга бой бўлиб, қатор кўрсаткичлар бўйича юқори натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жадид бобомиз Абдулла Авлоний “Нажот таълимда, нажот мактабда, нажот муаллимда” деб бежиз айтмаган. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда таълим соҳасига энг устувор йўналиш сифатида қарадик. Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида мактабгача ва мактаб таълими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати тикланди, соҳа ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларга замонавий таълим дастурлари асосида билим беришнинг мутлақо янги тизими яратилди. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 апрель санасида ўтказилган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг ҳоҳиш-иродасини ифода этиб, мамлакатимизнинг янгиланган   Конституцияси қабул қилинди. Янги Конституциямизнинг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги,                      51-моддасида фуқароларнинг давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилди. Айниқса, янгиланган Конституциямизга ўқитувчининг ҳимояси, унинг обрў-эътиборини таъминлаш бўйича алоҳида модда киритилгани ушбу шарафли касб эгаларига бўлган юксак эътиборнинг яққол ифодаси бўлди. Бош Қомусимизнинг                         52-моддасида, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”,- деб белгилаб қўйилди.

Қадрли устозлар, азиз  ўқувчилар!

Ўтган йил давлат Инвестиция дастури доирасида вилоятимиздаги қатор умумтаълим мактабларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилиб, ўқувчиларнинг пухта билим олишлари, спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилди. Жорий йилда ҳам   вилоятимизда 11 та умумтаълим,                  1 та ихтисослаштирилган мактаблар, 9 та мактабгача таълим муассасаларида  қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Бугунги кунда ҳурматли Президентимиз томонидан мактаб битирувчиларга камида 2 та хорижий тил ва  битта касб-ҳунарни ўргатиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда вилоятимиздаги мактабларда чет тилларни ўқитишга мўлжалланган махсус ўқув хоналари, касб-ҳунар устахоналарини ташкил этиб, замонавий услубда  жиҳозладик, уста ҳунармандларни жалб қилиб 64 турдаги касбларни ўргатишни йўлга қўйдик. 

Яқинда муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча равишда                        30 млрд.    сўм маблағ ажратилди. Бу ғамхўрлик сиз азиз ўқувчилар ва қадрли устозларни  янада яхши шароитларда ўқиб-ўқитишингиз учун замин бўлади, албатта.

    Биз бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган фидойи устозларимизнинг меҳнатлари туфайли Хоразм вилояти таълим сифати, ўқитувчилар салоҳияти бўйича Республикада етакчи ўринни эгаллаб келаётганлигини фахр билан айтишга ҳақлимиз. Тоифага эга педагогларнинг салмоғи                4,9 фоиздан 55,5 фоизга, шу жумладан, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 16 фоиздан 31.5 фоизга кўтарилди. Шу ўринда Хоразм вилояти икки йилдан буён ўқитувчиларнинг олий ва биринчи тоифалар улуши  бўйича Республикада етакчилик қилиб келаётганлигини қайд қилиб ўтиш лозим.       2022-2023 ўқув йилида ўтказилган “Замонавий мактаб” танловида вилоятимиз мактаблари 1-ўринни эгаллаб,  178 нафар ўқитувчи Вазир жамғармасидан устама олишга эришди.

Вилоятимизда   мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга  кириш кўрсаткичи                            2019 йилда 10 фоизни ташкил этган бўлса,                       2022 йилда  41 фоизга етди ва 2023 йилда  энг камида 55 фоиз битирувчиларимизни олий таълимга киришини таъминлашимиз лозим. Шунингдек, мактаб битирувчиларини давлат грантига кириш кўрсаткичи 3,6 фоиздан  17,5 фоизга кўтарилди.

Шу ўринда Республика миқёсида оммалаштиришга татбиқ қилинган, 11-синф битирувчиларини олий таълимга ва фан ўқитувчиларини малака тоифаларини ошириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида вилоятимизда ишлаб чиқилган “АПРО” дастури жуда яхши самара бераётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бу   ўқув  йилида  вилоятимиз  бўйича 23 минг 376 нафар ўғил-қизлар 11-синфни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўядилар. Бугунги кунгача уларнинг 650 нафардан ортиғи аллақачон олий таълимга кириш учун турли имтиёзлар, хусусан хорижий тилларни билиш даражаси бўйича сертификатларни қўлга киритдилар.  Шунингдек, уларнинг 696 нафари олтин, 232 нафари  кумуш   медалларга тавсия қилинди.

Бугун вилоятимизнинг барча мактабларида ўтаётган "Сўнгги“ қўнғироқ” тадбирлари доирасида бундай иқтидорли 1400 нафардан зиёд ўқувчиларнинг ота оналарига, 178 нафар Вазир жамғармасидан устама олишга сазовор бўлган фан ўқитувчиларига ташаккурномалар берилади.  Келгуси йиллар бундай эътиборга сазовор бўладиганлар сони янада кўпаяди деган умиддаман.

Яқинда Урганч шаҳридаги  6-сон ихтисослаштирилган мактаб-интенатининг 11-синф ўқувчиси Бехзод Максудов 40-Болқон Математика олимпиадасида бронза медални қўлга киритиб, Японияда ўтадиган халқаро математика олимпиадасига йўлланма олди. Ҳазорасп туманидан 11-синф ўқувчиси Нозима Қувондиқова Японияда  ўтказиладиган нуфузли 53-Халқаро физика олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундай  мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда муҳим янгилик, жорий йилнинг 10 июн санасида вилоятимизда биринчи марта халқаро Абу Райҳон Беруний олимпиадаси ўтказилади. Умид  қиламанки, ушбу  нуфузли олимпиадада вилоятимиз вакиллари муносиб иштирок этиб, ўзларининг ал-Хоразмий, ал-Беруний каби буюк мутафаккирларнинг ворислари эканликларини яна бир бор исбот этадилар.

Кун тартибидаги яна бир долзарб масала ўқувчиларимизни ёзги таътил пайтларида бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдир. Шу мақсадда бу йил вилоятда  барча қулайликларга эга 30 та оромгоҳ фаолият кўрсатади. Оромгоҳларда ўқувчи-ёшларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитларни яратиб бердик. Шунингдек, 30 та оромгоҳдан ташқари вилоят ҳокимининг оромгоҳи ҳам ташкил қилинади ва бу оромгоҳ энг иқтидорли ўқувчиларни ўз бағрига олади.  

Бундан ташқари ёзги мавсум давомида барча умумтаълим мактабларида 5 та муҳим ташаббус доирасида тўгараклар  ишлаши давом қилади, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўлиқ фаолият кўрсатади. Ўқувчилар ўртасида турли спорт мусобақалари, китобхонлик ва бошқа йўналишдаги   танловлар, ички туризм саёҳатлари ташкил қилинади.

Азиз ёшлар!

Мен бугун 11 йил ўзларининг севимли билим даргоҳида таълим олиб, ҳаётнинг янада масъулиятли даврига қадам қўяётган, қалблари чексиз орзу ва умидларга тўлиб турган сиз азиз ўғил-қизларимизга оқ йўл тилайман! Ҳаёт йўлларингиз равон бўлиб, орзуларингизга эришиб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкори бўлиб етишишингизга  ишонаман. 

Сўзимнинг якунида, қадрли ўқитувчи ва мураббийларимизга ёш авлод тарбияси йўлидаги   шарафли ва машаққатли ишларида куч-қувват, улкан муваффақиятлар  тилайман.    Ватанимиз келажаги бўлган  ёшларимизни илм-фан чўққиларини эгаллаб, чин маънода ватанпарвар   бўлиб мамлакатимизга, халқимизга ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишларига  тилакдошман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

25-05-2023, 23:38
Вернуться назад