Ассалому алайкум, қадрли тиббиёт ходимлари!
Муҳтарам соҳа фахрийлари!
Аввало, халқимизнинг саломатлигини асрашдек ўта масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган сиз, азизларни касб байрамингиз - Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга эзгу тилакларимни изҳор этаман!
Дарҳақиқат, дунёдаги энг бебаҳо бойлик ҳисобланган инсон соғлиғини сақлаш, бемор кўнглида умид ва ишонч уйғотиб, уни соғлом ҳаётга қайтариш учун шифокор нафақат чуқур билим ва тажриба соҳиби, айни пайтда юксак ақл-заковат ҳамда олижаноб қалб эгаси бўлиши даркор.
Ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва савобли ишга бағишлаб, одамларнинг дардига дармон бўлишни муқаддас бурч деб билган тиббиёт ходимларининг шаънига ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди, албатта.
Қадрли тиббиёт ходимлари!
Бугунги кунда вилоятимиздаги 183 та давлат, 457 та хусусий тиббиёт муассасаларида 5,5 минг нафар шифокорлар ва 16 минг нафарга яқин ҳамширалар халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Тиббиётда инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида малакали тиббий хизмат бевосита маҳаллаларга, ҳар бир юртдошимизнинг хонадонига кириб борди. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда ташкил қилинган саломатлик акцияларида вилоятимиз бўйича 900 минг нафарга яқин аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган фуқароларни амбулатор ва стационар даволаш чоралари кўрилди. Соҳага янги даволаш методлари кенг тадбиқ қилинаётганлиги натижасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш самарадорлиги ошмоқда.
Бу йилнинг ўзида вилоят бўйича 155 та янги даволаш ва ташхис қўйиш усуллари амалиётга жорий этилиб, маҳаллий шароитда 2318 нафар беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Вилоят cоғлиқни сақлаш муассасаларининг хорижий давлатлардаги етакчи клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, бу йил 6 та давлатдаги тиббий муассасалар билан 23 та келишув Меморандумлари имзоланди ва 55 нафар тиббиёт ходими Россия, Хитой, Ҳиндистон давлатларида малака ошириб қайтдилар.
Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳукуматимиз ва маҳаллий ҳокимликларнинг доимий диққат эътиборида турибди. Жорий йилда вилоятимизда 23 та тиббиёт муассасасида 63 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, шифо масканлари учун16 млрд сўмлик тиббий жиҳозлар сотиб олинди.
Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тиббиёт соҳасига 10 млрдсўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.
Бугунги қутлуғ айёмда соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга катта ҳисса қўшиб келаётган Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали ҳамда Урганч жамоат саломатлиги техникумида эришилаётган ютуқларни ҳам муносиб эътироф этамиз. Тиббиёт академиясининг Урганч филиалида 960 нафар хорижий талабаларнинг келиб таълим олаётгани ушбу даргоҳда таълим ва амалиёт жараёнларининг юксак даражада йўлга қўйилганидан далолатдир.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, тиббиёт том маънода, давлат ва халқ ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо беради.
Шу боис аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масалалари бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Соғлиқни сақлаш соҳасини тезкор ва самарали, халқчил тизимга айлантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида сизлар ўз зиммангиздаги масъулиятни шараф билан адо этиш учун бор билим ва маҳоратингиз, салоҳият ва тажрибангиз, азму шижоатингизни намоён этишингизга ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, келгуси фаолиятингизда улкан муваффақият-лар, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман. Қўлингиз асло дард кўрмасин, ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг!
Эътиборингиз учун раҳмат!