Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрмановнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимдаги
Т А Б Р И К С Ў З И
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Аввало, бугунги улуғ айём - мустақил Ватанимизнинг Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги билан барчангизни самимий муборакбод этаман.
Мустақил Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берди, ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш ва миллий давлатчилик пойдеворини қуришда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан дарак беради.
Конституциямиз халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратди.
Тўғри, бугун дунёдаги деярли барча мамлакатлар ўз Конституциясига эга, лекин бизнинг Бош Қомусимизнинг эътиборга молик жиҳати, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганидир.
Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.Бу сиёсат Асосий Қонунимиздаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган қоида талабларига тўла мос келади.
Кундалик турмушимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгаришлар жараёнида ҳам бу қоида устувор эканлигини ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида халқимизни рози қилиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш, одамлар турмуш даражасини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам кўришимиз мумкин. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил Бош Қомусимизда белгиланган ана шу қоидаларга ҳамоҳангдир.
Шу ўринда фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммолар оқилона ечим топганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Жумладан, юртимизда йиллар мобайнида яшаб, жамиятимиз ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган минглаб элдошларимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши, прописка билан боғлиқ чекловларнинг бекор қилиниши, виза режимининг соддалаштирилиши, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларининг таъминланиши, янги олий таълим муассасаларининг ташкил қилиниши ва квоталар сонининг оширилиши орқали билим олиш ҳуқуқининг кафолатланиши каби қатор ижобий ўзгаришлар Конституция ва қонун устуворлигининг яна бир амалий ифодасидир.
Асосий Қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси ўтган беш йил давомида Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгаллади. Халқимиз мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қатъий ишонч билан қараб, янгиланиш жараёнларини якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.
Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясининг “2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ишлаб чиқилгани ва мазкур Дастур Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Вилоятимизда ушбу Дастурда белгиланган тадбирларни изчил амалга оширилиши натижасида ёшлар сиёсати, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида улкан ютуқлар қўлга киритилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган еттита муҳим йўналишни ўз ичига олган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эса мамлакатимиз ривожланишида янги босқични бошлаб беради. Ҳурматли Президентимизнинг сайловолди дастурининг мазмун-моҳиятини ташкил этган “Инсон қадри учун” деган устувор ғоя фаолиятимизнинг бош мезонига айланади.
Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар Конституциямиз негизини ташкил этувчи “инсон – жамият- давлат” деган муҳим тамойил билан уйғунлашганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш- бошлаган улкан ислоҳотларимизни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим гарови бўлиб қолаверади. Айнан шу сабабли Асосий Қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Бунинг учун Асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак.
Қадрли дўстлар!
Хоразм асрлар давомида ўзининг юксак маърифати, бетакрор маданияти, илм-фани ва улкан бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга танилиб келган. Вилоятимиз аҳли буюк аждодларимиз анъаналарини муносиб давом эттириб, бугунги кунда ҳам барча жабҳалардаги ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Конституциядаги ўз бурчига садоқатли бундай инсонлар билан янги марраларни забт этишмизга ишонаман.
Сизларни яна бир бор, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами билан қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, эзгу ишларингиз ва ташаббусларингиз рўёбида муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!