DataLife Engine / ҲАМКОРЛИКДАН РЕАЛ НАТИЖАЛАРГА

ҲАМКОРЛИКДАН РЕАЛ НАТИЖАЛАРГА

2014 йили  "Урганч экскаватор" ОАЖ базасида “UzХСМG” МЧЖ Ўзбекистон-Хитой кўшма корхонаси ташкил этилиб, ушбу мажмуа қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва қурилиш соҳасига замонавий техникаларни етказиб бера бошлади. Бунинг учун жамиятга 100 дан ортиқ энг сўнгги русумдаги асбоб - ускуналар ва ёрдамчи материаллар олиб келинди. Ишчи - хизматчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш эса Хитой Халқ Республикасида ташкил этилди.


- 2014 йилнинг 10 майида иш бошлаган корхонамиз йил охиригача 103 та экскаватор ҳамда 54 та бульдозер ишлаб чиқарди, - дейди корхона бош директори Исломбой Ҳайитбоев. - 2015 йилда бу кўрсаткични 300 тага етказиш режалаштирилган. Айни пайтда 150 нафар ёш мутахассис фаолият юритаётган корхона маҳсулотлари Япониянинг “ISUZU” ва “KAVASАКI” компанияларининг двигателлари ва гидравлика тизимлари билан жиҳозланган. Шуниси қувонарлики, оғир техникаларимиздан йирик қурилиш майдонлари, қишлоқ хўжалиги, экин экиш майдонларини ободонлаштириш, зовурларни тозалашда ҳам самарали фойдаланилмокда. “Ангрен – Поп” янги электрлаштирилган темир йўл участкасида олиб борилаётган қурилиш ишларида ҳам техникаларимиз яхши самара бераяпти.
Шу ўринда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ва “Хuzou Соnstruction Маchineri Gгоuр Со. Ltd” корпорацияси ўртасида 2015 йил охиригача ишлаб чиқаришнинг иккинчи саноат йиғиш босқичига ўтиш тўғрисида меморандум имзоланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунда маҳсулот таннархини пасайтириш, рақобатбардошлигини ошириш ва албатта янги иш ўринлари яратишга аҳамият қаратилади. Шу билан бирга маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, валюта тежалади. Бу эса корхонанинг иқтисодий барқарорлигини ошириш, ички ва ташқи бозордаги ўрнини мустаҳкамлашга имкон беради.
Бу эса мазкур корхонада яна янги лойиҳаларга қўл урилаётганидан далолатдир. Мутахассисларнинг фикрича, бу жараёнда сифатли қурилиш техникалари турларини ошириш, автомобиль йўллари қуриш ва қишлоқ хўжалиги учун замонавий техникалар, хусусан, занжирли тракторларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳалар мамлакатимизнинг саноат салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.


Мирзо МУРОТОВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК
ахборот хизмати раҳбари.
“Моҳият” 2 Февраль 2015 йил №8 (756)

6-12-2018, 15:49
Вернуться назад